АДАБИЁТ МУЗЕЙИ, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (Тошкент ш.) — маданий-маърифий ва илмий муассаса. 1940 й. да Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Республика кўргазмаси тариқасида ташкил топган. 1944 — 68 й. ларда Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-ти бўлими, 1968 — 78 й. ларда Ўзбекистон ФА Адабиёт музейи, 1978 — 91 й. ларда Ўзбекистон ФА Ҳ. С. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар ин-тининг музей бўлими. 1991 й. дан Ўзбекистон ФА Адабиёт музейи. Музей экспозицияси 40 хонага жойлашган, 8 бўлимдан иборат. Жамланмасида қарийб 34 минг кўргазма бор (1997). Музейда ўзбек адабиётига оид асарлар, қўлёзма ва тошбосма китоблар, халқ ҳофизларининг овоз ёзувлари, наққошлик санъатига доир кўргазмалар (ёғочдан ишланган панжара, А. Файзуллаев, 1968), 10-а. га оид сопол буюмлар мавжуд. Музей кўргазмалари темурийлар даври экспозицияси б-н, ўзбек адабиёти тарихи экспозициялари эса Алишер Навоий ижодидан бошланган: «Хамса»нинг қўлёзма, фото ва кўчирилган нусхалари, достонларга ишланган миниатюралар, расм ва безаклар, шоир ҳаётига оид портретлар, ҳайкаллар, харита, китоб, ҳар хил совға ва альбомлар, лаган, кўзачалар бор. Бухоролик 14 қиз томонидан Навоий, Фарҳод ва Ширин, Лайли ва Мажнун расмлари зар билан тиқилган гилам (1968) музейга алоҳида кўрк бағишлайди. Жомий хонасига шоир асарларининг турли даврда кучирилган нусхалари қўйилган. Музейнинг бошқа хонадаги кўргазмалари орасида Ҳофиз, Низомий, Фирдавсий, Хусрав Деҳлавийларнинг бир қанча қўлёзмалари бор. Бобур ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги кўргазмалар ичида «Бобур ҳайкали» (ҳайкалтарош А. Гришченко, 1968) ва ипак билан тиқилган «Бобур портрета» (чевар Ф. Сайдалиева, 1974) алоҳида ўрин тутади. Музейда Зебуннисо, Турди, Нодира, Увайсий, Маҳзуна ва б. шеърларидан намуналар, қўлёзмалар ва асарларига ишланган тасвирлар, намоёнлар бор. Музейнинг ҳоз. замон адабиётига бағишланган хоналарига «20-а. ўзбек адабиёти», «Истиқлол даври ўзбек адабиёти» экспозициялари жойлаштирилган. 200 дан ортиқ ўзбек шоир ва ёзувчилари ижодий йўлини ёритувчи кўргазмалар қўйилган.