АДАБИЁТ НАЗАРИЯСИ

АДАБИЁТ НАЗАРИЯСИадабиётшунослик фанининг бир бўлими. Бадиий адабиёт, унинг жамият ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти, яратилиш қонуниятлари, тараққиёт йўлларини, бадиий асарнинг тасвирий ҳамда ифода воситалари, таркибий қисмлари, адабий турлар ва жанрларини ўрганади. Адабиёт назарияси бадиий сўз санъатининг ижодий тажрибаларига асосланиб, ўзининг барча назарий хулосаларини яхлит бир давр ёки даврларнинг бадиий сўз маҳсули ҳамда айрим бадиий асарларининг таҳлилидан, тарихий-адабий жараённи ўрганишдан келтириб чиқаради. Бадиий адабиётни бевосита яратувчиларнинг адабий ижод ҳақида айтган фикрлари ҳам Адабиёт назарияси томонидан эътиборга олинади, аммо бу борада Адабиёт назарияси бадиий ижод тажрибаларида тасдиқланган ижодий ҳақиқатларга мурожаат қилиб боради. Адабиёт назарияси адабиётнинг бошқа ижтимоий онг шаклларидан фарқли жиҳатларини ҳам белгилаб беради. Санъат тури сифатида адабиётнинг узига хослиги унинг сўз воситасида образ яратишида кўзга ташланади. Шунинг учун ҳам Адабиёт назариясида бадиий, образли тасвир ва ифода масалалари ҳам ўрганилади. Бадиий адабиётда мазмун билан шакл бирлиги ва мутаносиблиги Адабиёт назариясининг бош масаласидан бири ҳисобланади. Мазмунсиз шакл бўлмаганидек, шаклсиз мазмун ҳам бўлмайди. Ҳар қандай шакл мазмунлашганидек, ҳар қандай мазмун шакллашгандагина тўла воқе бўлади. Мазмун — бадиий асарнинг ҳамма қисмларини белгиловчи, уюштирувчи асос. Бадиий адабиётда мазмун — жонли ҳаёт, унинг хилма-хил қирралари, мураккаблиги, бойлиги ва гўзаллигидир. Ҳар қандай ғоя бадиий асарнинг мазмунини ташкил эта олмайди, у фақат бадиий хусусиятга эгалиги, инсон, жамият учун аҳамиятлилиги б-н барчани қизиқтира олган ғояларгина бадиий асар мазмунини ташкил этади. Бадиий шакл ҳам мазмунга нисбатан фарқсиз ҳодиса эмас. Чунки ҳар қандай ғоя ҳаётнинг ўзида аниқ ҳаётий ҳодиса шаклида намоён бўлади, бу ҳодисанинг шаклини мазмундан ажратиб бўлмайди. Бинобарин, ҳар қандай бадиий ғоя ўзига мутаносиб бадиий шаклдагина ўз моҳиятини тўла намоён этади. Алишер Навоий «Хамса»да ўз замонида шоирлик даъво қилиб юрган кўплаб кишиларнинг шакл бобидаги нўноклигини қоралайди. Чунки, фақат шакли мазмунига тўла мос бўлган асаргина ҳақиқий бадиий асар бўла олади. Шунинг учун ҳам Адабиёт назарияси бадиий асарнинг таркибий қисмлари (сюжет, конфликт, композиция ва б.), адабий турлар ва жанрлар ҳақидаги масалаларни кенг ёритади. Инсоният тарихида бўлган ижодий услублар, адабий оқимлар, мактаблар Адабиёт назариясида ўзининг аниқ таърифу тавсифини топали. Ўтмиш адабиёт билан ҳозирги замон адабиёти ўртасидаги доимий ворислик (анъана ва янгиланиш) масалалари ҳам Адабиёт назариясига алоқадордир. Турли халқлар адабиётлари ўртасидаги ўзаро таъсир ва бир-бирларини бойитишдан иборат ижобий тарихий жараённинг қонуниятларини аниқлаш ҳам Адабиёт назариясининг доимий ўрганувчи соҳаларидан бирини ташкил этади. Дунё халқлари шеъриятига хос тизимлар, уларнинг тузилиши ва шакллари Адабиёт назариясининг бевосита тадқиқот манбаидир. Бадиий адабиётнинг ўтмиши, ҳоз. аҳволи ва истиқболдаги ривожланиш тамойилларини белгилаб бериш Адабиёт назариясининг энг муҳим вазифаси саналади.

Шаркда Адабиёт назариясининг юқррида қайд этилган барча муаммоларини яхлит ўрганувчи махсус фан соҳаси бўлмаган. Бу масалалар 3 йўналишдаги мустақил соҳалар доирасида олиб борилган. Булар: аруз илми, қофия илми ва балоға илми, яъни бадиий сўз санъатлари ҳақидаги соҳалардан иборат. Шу боис Шарқ мумтоз адабиётшунослиги тарихига назар ташланса, юқорида кўрсатилган 3 йўналишдаги илмий манбалар алоҳида-алоҳида баён этилганлиги маълум бўлади. Mac, Муҳаммад бин Умар ар-Родуёнийнинг «Таржимон ул-балоға», Рашидиддин Ватвотнинг «Ҳадоиқ ус-сеҳр фидақоиқуш-шеър», Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон», Бобўрнинг «Мухтасар», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Бадое ул-афкор фи саное-ул-ашъор», Атоулло Ҳусайнийнинг «Бадое ус-саноеъ», Воҳид Табризийнинг «Жамъи мухтасар» каби асарларида аруз, қофия ва бадиий санъатлар ҳақида алоҳида-алохдда фикр юритилган. Шарқ адабий-назарий таълимоти асосан шеърият материалига асосланган бўлиб, уларда бадиий наср, драмага оид назарий кузатишлар учрамайди. Чунки Шарқ мумтоз адабиётида бадиий наср ва драма жанрлари мавжуд эмас эди. Шарқ адабий-назарий қарашлари ривожига Абу Наср Форобий «Калом фиш-шеър ва ал-қавофи» («Шеър ва қофиялар ҳақида сўз»), «Китоб фил-луғот» («Тил ҳақида китоб»), «Шеър санъати», Ибн Сино «Уюн-ал-Ҳикма» каби асарлари билан катта ҳисса қўшдилар.

Ўзбек адабиётшунослигида Адабиёт назариясига оид ҳақиқий яхлит илмий асар 20-а. нинг 20-й. ларида Фитрат томонидан яратилди. Унинг «Адабиёт қоидалари» китобида бадиий адабиётнинг ўзига хослиги, ижтимоий табиати, адабий тур ва жанрлар, сюжет, композиция, бадиий нутқ ва маҳорат масалалари ҳақида илк бор яхлит маълумотлар берилган. Абдураҳмон Саъдийнинг «Адабиёт назарияси» асари Адабиёт назариясига оид илк асарлардан ҳисобланади. Шулардан кейин Адабиёт назариясига оид иккинчи асар 1939 й. да И. Султон томонидан яратилди. Кейинчалик Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-ти томонидан икки жилдли «Адабиёт назарияси» (1-жилд 1978, 2-жилд 1979), 1980 й. да И. Султоннинг «Адабиёт назарияси» дарсликлари чоп эттирилди. Адабиёт назарияси ривожига Ҳ. Ёқубов, М. Юнусов, М. Қўшжонов каби олимлар ҳам катта ҳисса қўшдилар.

Ғарб адабиётшунослигида Аристотелнинг «Поэтика» асари Адабиёт назариясига оид асосий манба сифатида қўлланилиб келинди. 17—18-а. дан бошлаб Буало, Дидро, Лессинг, Гердер, Гёте, Шиллер каби олиму адиблар томонидан Адабиёт назариясига оид назарий асарлар яратила бошланди. 18-а. охири — 19-а. бошларида немис файласуфлари Кант, Фихте, Шеллинг, Гегель ва б. бадиий адабиёт қонуниятларини яхлит ўрганувчи Адабиёт назарияси яратишни бошлаб бердилар. Россияда М. В. Ломоносов, А. Н. Радишчев, В. Г. Белинский, Н. Г. Чернишевский, А. Н. Добролюбов, Адабиёт Назарияси Герцен ва б. адабий-назарий қарашлар ривожига муайян ҳисса қўшдилар.

Баҳодир Саримсоқов.