АДАБИЁТ (араб. — адаб сўзининг кўплиги) — 1. Фан ва амалиётнинг бирор соҳасидаги ютуқларни умумлаштирувчи асарлар мажмуи (техникавий Адабиёт, қишлоқ хўжалиги А. и, сиёсий Адабиёт ва б.). 2. Санъатнинг бир тури (бадиий Адабиёт деб ҳам аталади); воқеликни сўз ёрдамида образлар орқали акс эттиради. Адабиёт аввал оғзаки бўлган, ёзув пайдо бўлгандан сўнг ёзма шаклга ўтган. Адабиёт сўз орқали инсоннинг ҳис-туйғуларини кенг ва чуқур акс эттириш имкониятига эга, шунинг учун ҳам у санъатнинг энг оммавий тури ҳисобланади. Бадиий Адабиётнинг етакчи 3 тури — эпос, лирика, драма мавжуд. Эпос воқеликнинг ўзини инъикос этади, лирикада эса инсоннинг воқеликдан олган таассуротлари қўшиб тасвирланади. Шарқ қадимдан шеърият туйғулари ўлкаси бўлган. Шу боисдан Шарқ бадиий Адабиётда айниқса лирика кенг ривожланган. Драма ҳаётни ҳаракатда ифодалаб, муаллиф нутқисиз акс эттиради. Адабиётда қоришиқ турлар ҳам мавжуд. Мас, лирика ва эпос хусусиятлари бирлашиб лироэпик тўрни ташкил этади. Лиро-эпик турга поэма, баллада, достон, масал кабилар киради. Эпос, одатда, 3 га бўлинади: кичик эпик шакл (латифа, очерк, эртак, ҳикоя), ўрта эпик шакл (қисса) ва катта эпик шакл (роман). Лирика мазмун ва шаклга кўра, ғазал, мухаммас, марсия, рубоий, қасида, сонет, қўшиқ ва б. га бўлинади. Драматик Адабиётнинг ҳам мазмунан 3 хили бор: драма, комедия ва трагедия (фожиа). А. санъатнинг бошқа турлари каби мафкуравий ҳодисадир. Адабиётда воқеликни акс эттириш тамойилига кўра, адибнинг ижодий усули пайдо бўлади. Воқеликдаги типик ҳодисалар умумлаштирилган ҳолда ҳаққоний акс эттирилса, реалистик Адабиёт дейилади. Ёзувчи айни воқеликни эмас, балки у ҳақидаги ўз орзу-умидларини ҳам ифода этеа, романтик Адабиёт бўлади. Адабиётнинг бадиийлик мезони унинг ғоявий-бадиий жиҳатдан мукаммал бўлишини тақозо қилади. Бу ҳол асар мавзуининг долзарблиги, ифода этадиган ғоясининг тўғрилиги, тасвир ҳақиқатининг чуқурлиги, бадиий шакл таркибий қисмларининг мукаммаллигидан юзага келади.
Ҳар бир Адабиёт миллийдир, шунга кўра ҳар бир халқ маданиятининг таркибий қисми ҳисобланади. Халқнинг тарихий ҳаётидаги ва руҳиятидаги хусусиятлар Адабиётнинг миллийлиги мазмунини ташкил этади ва ўзига хос миллий шаклни юзага келтиради. Миллий шаклнинг юзага келишида Адабиёт томонидан узоқ давр мобайнида йиғилган тажриба ва анъа-нанинг ҳам аҳамияти катта. Халқ ҳаётидаги янги давр эса Адабиётни янги, юқорироқ босқичга кўтаради, унинг мазмуни ва шаклини ҳам янгилайди, ҳам бойитади. Янгиланган Адабиёт ўз навбатида янги жамиятнинг мустаҳкамланишида қудратли қурол вазифасини ўтайди.
Ҳоз. замон ўзбек Адабиётда Адабиётнинг тасвир объекти умуман ижтимоий воқелик бўлса, бош тасвир объекти эса инсондир. Адабиётда инсоннинг ижтимоий моҳияти умумлаштирилган ҳолда ифода этилади. Шунинг учун ҳам Адабиётнинг мақсади маълум бир ижтимоий-сиёсий кучнинг моҳиятини тўла ифодалаш ва айни вақтда кескин индивидуаллашган бадиий образ яратмоқдир. Яратилган бундай образларнинг энг мукаммали «тип» деб аталади. Навоий асарларидаги Фарҳод, Ширин, Мажнун, Лайли, Искандар образлари; Шекспир асарларидаги Отелло ва Ҳамлет; Абдулла Қодирий асарларидаги Отабек ва Кумуш тип даражасига кўтарилган образлардир. Адабиёт воқеликни акс эттирар экан, унга гўзаллик қоидалари нуқтаи назаридан ёндашади. Бинобарин, асар предметини танлаш ҳам ғоят муҳим ижодий нуқтадир. Чунончи, асарнинг таъсирли чиқиши, бошқа кўп мезонлар қатори, шунга асос қилиб олинган фикрнинг эмоционаллиги, кўтаринкилигига ҳам боғлиқ бўлади.
Миллий мустақилликка эришган ўзбек халқи ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзлигини намоён этмоқда. Жумладан, истиқлол даври Адабиёти туб сифат ўзгаришларигаэришмоқда. Будаврда ижодкор олам ва одам ҳақида аввалгидан фарқли фикрлаш мумкинлигини чуқур англаб фаолият кўрсатмоқда. Натижада оламни, одамни, уларнинг туйғуларини турлича ифодалайдиган бадиий асарлар яратиш бошланди. Бу давр Адабиёт ида тасвирланаётган инсон ўзининг башарият, ватан, эл-юрт олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда намоён бўлмоқда. Истиқлол Адабиёти мавзу нуқтаи назаридан ҳам, бадиий тасвир тамойиллари жиҳатидан ҳам илгариги қолипларга сиғмайдиган, табиий равишда ривожланаётган янги эстетик ҳодисадир. У одамларга йўл кўрсатишни зиммасига олмайди, ўқувчига ақл ўргатмайди, ҳаётий муаллимликни даъво қилмайди, балки тасвирнинг нозиқлиги, ифодаларнинг фавқулоддалиги, образларнинг кутилмаганлиги билан ўқувчида муносабат уйғотади. Бу А. нинг жозибаси зоҳирда эмас, ботинда — матн замирига жойланган. Истиқлол даври ўзбек Адабиёти чинакамига ранг-баранг Адабиёт дир. Унинг бағрида турли-туман ижодий тажрибалар кечади, ижодий йўналиш ва оқимлар кесишади ва шу орқали чексиз олам бағрида кечаётган инсоннинг мураккаб «мен»и кашф этилади.