АДАБИЁТШУНОСЛИК

АДАБИЁТШУНОСЛИК — бадиий адабиётни, унинг мазмун-моҳияти, ўзига хос хусусиятлари, пайдо бўлиш ва ривожланиш босқичлари, ижтимоий функцияси, ижодий жараён қонуниятларини ўрганадиган фан. У бир-бири б-н узвий боғлиқ бўлган З бўлимни: адабиёт назарияси, адабиёт тарихи ва адабий танқидни ўз ичига олади. Адабиётшуносликнинг илдизи мақол, қўшиқ, достон сингари халқ оғзаки ижоди намуналари юзасидан билдирилган илк мулоҳазаларга бориб богланади. Мас, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридан жой олган маталларга, бадиий сўз унсурларига илмий-текстологик муносабат, ўша давр адабий жанрлари ҳақидаги фикрлар Адабиётшуносликнинг олис тарихидаги кўринишидир.

Адабиётшунослик илмига оид теран қарашлар Форобиининг «Шеър санъати…» китобида муфассал баён қилинган (10-а.). Унда шеърий асарнинг яралиш табиати, ижодкор шахси ва маҳорат муаммолари, сўз қадри хусусида фикр юритилади. 11-а. да яшаган адабиётшунос олим Абдулқодир Журжонийнинг «Асрор ул-балоға фи-илми баён» («Баён илмида балоғат сирлари») асарида сўз санъатидаги шакл ва мазмун масаласига алоҳида урғу берилса, 13-а. да яшаган қомусий олим Кайс Розийнинг «Китоб ул-мўъжам фи-маойири ашъор ил-ажам» («Ажам шеърияти меъёрлари қомуси») китобида назарий масалалар — аруз тизими, поэтик санъатлар, шеърий жанрлар таҳлил этилган. Кайковуснинг «Қобуснома»сидан (11-а.) эса, шеър жамиятнинг турли қатламлари эстетик талабларидан келиб чиқиб яратилиши, бадиий асар, албатта, таъсирчан бўлиши лозимлиги ҳақидаги мулоҳазалар ўрин олган.

Адабиёт тарихи йўналишида муайян халқ (халқлар, минтақа, жаҳон) бадиий адабиётининг тарихий тараққиёти ҳамда ёзувчи-шоирларнинг ҳаёт ва ижод йўли чуқур ўрганилади. Жумладан, ўзбек миллий адабиёти босиб ўтган узоқ тарихий йўл, замон, сиёсат ва адабий жараён муносабатларининг ўзига хосликлари, у ёхуд бу ижодкорнинг ушбу жараёнга кўрсатган таъсири юзасидан кўплаб тадқиқотлар яратилган.

Адабиётшунослик тарихида 12-а. да яшаган шоир ва адабиётшунос Низомий Арузий ибн Умар Самарқандий, 15-а. да адабиётшунос олим Атоуллоҳ Ҳусайний, Замахшарий, Хондамир, Восифий асарлари муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбек Адабиётшуносликнинг такомили Навоий (қ. Алишер Навоий) ижодий фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбек тилидаги тазкира жанрига асос солган «Мажолис уннафоис» («Гўзал мажлислар») илк ўзбек адабий қомуси ҳисобланади. Ушбу асарда Навоий деярли ярим аср мобайнида ўзига замондош бўлган 469 шоир, олим, бастакор, ҳаттот, шеърият ҳомийлари ҳақида маълумот беради, бадиий маҳорат, санъаткорнинг ижтимоий бурчи, поэтик жанр масалаларини ёритади. Навоийнинг «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», Жомийга бағишланган «Хамсат ул-мутаҳаййирин» («Беш ҳайрат») сингари асарлари адабий портретнинг дастлабки намуналаридир. Унинг «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») асарларида арузнинг назарий, амалий масалалари тадқиқ этилган. Ҳусайн Бойқаро эса, ўз навбатида, Навоийнинг бетакрор маҳорати, у яратган адабий муҳит, давр адабий жараёни ҳақида маълумот берувчи рисола яратган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Мухтасар» китоби билан Навоийдан сўнг аруз илми тадқиқини янги босқичга кўтарди. Бу китобда арузнинг 20 дан ортиқ баҳри, 530 дан ортиқ вазни ҳақида маълумот берилади.

Ўзбек адабиётшунослигининг кейинги даврлардаги йўналишини, асосан, тазкиралар белгилайди. Жумладан, 19-а. бошларида Фазлий раҳбарлигида шеърий шаклда яратилган «Мажмуаи шоирон» («Шоирлар гуруҳи») тазкираси Қўқон хони саройига тўпланган ижодкорлар ҳақида нисбатан тўлиқ маълумот беради. Аҳмад Табибийнинг шеърий шаклдаги «Мажмуат аш-шуарои Ферузшоҳий» («Шоҳ Феруз шоирлари гуруҳи») ҳамда «Муҳаммасоти мажмуат уш-шуарои Ферузшоҳий» («Шоғ Феруз шоирлари гуруҳининг мухаммаслари») тазкираларида ижодкорларнинг асарлари жанрларга бўлиб ўрганилади (20-а. боши). Биринчисида ғазаллар, иккинчисида мухаммас ва мусаддаслар таҳлил этилади.

Матбуот ва ноширлик ишларининг ривожи 19-а. охири — 20-а. бошларида ўзбек танқидчилиги, адабиётшунослиги учун янги имкониятларни вужудга келтирди. Айниқса, адабий танқидда уйғониш рўй берди — ҳаракатдаги адабий жараённи, ёзувчи ижодини, адабий муаммоларни даврнинг маънавий ва эстетик талаблари, омманинг руҳий эҳтиёжларидан келиб чиқиб ўрганиш, адабиёт тараққиётидаги, ижодкор маҳоратидаги янгиликларни кашф этиш, камчиликларни баҳоли қудрат кўрсатиш бошланди. Ҳожи Муин, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Беҳбудий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ашурали Зоҳирий, Вадуд Маҳмудларнинг мақолаларида сўз санъати олдида турган муҳим ижтимоий вазифаларга урғу берилди, адабиёт ривожини миллат, Ватан, истиқпол, мустақил юрт учун курашувчи янги инсонни тарбиялаш масалалари билан боғлашга ҳаракат қилинди. Чўлпоннинг «Адабиёт надур?» (1914) мақоласида ўртага ташланган «Адабиёт яшаса — миллат яшар» деган ғоя миллий уйғониш учун ҳам даъват бўлди.

20-й. лар ўрталаригача Адабиётшунослик, асосан, адабий танқид доирасида фаолият кўрсатди. Шу пайтлардан эътиборан шўро ҳукумати уни ўз йўриғига сола бошлади. Ижод маҳсулини баҳолашда мафкўра, ўткинчи сиёсат бош мезонга айланди. Адабиёт ва Адабиётшуносликдан бир ёқпама (марксча) дунёқараш б-н қуролланиш, воқелик ва унинг бадиий инъикоси бўлмиш санъатга фақат синфий кураш, шўролар мафкураси нуқтаи назаридан туриб ёндашиш талаб қилинди. Буларга қўшимча, мумтоз адабий меросдан воз кечиш тамойили ҳукм сурди. Яссавий, Навоий, Бобур, Машраб, Ҳофиз, Румий, Ҳувайдо сингари шоирлар яратган маънавий мулк ўқувчига кераксиз, ҳатто, зиёнли деб эълон қилинди. Абдурауф Фитрат, Отажон Ҳошим каби адабиётшунослар бундай қарашларга қарши чиқиб, маданий меросни ҳимоя қилишга уриндилар.

Шу йиллари, муайян камчиликлардан ҳоли бўлмасада, дастлабки назарий қўлланма — адабиётшунос Абдураҳмон Саъдийнинг «Амалий, ҳам назарий адабиёт дарслари» (1924) яратилди. Фитратнинг «Адабиёт қоидалари» (1926) дарслигида эса ўз даври Шарқ ва Ғарб адабиёти назарияси муаммолари ёритилди. Шу муаллифнинг «Ўзбек адабиёти намуналари» китобида Ўрхун-Енисей битиклари, «Алпомиш», «Китоби дадам Қўрқут», «Девону луғотит турк»дан парчалар берилди, Яссавий, Боқирғоний, Лутфий, Атоий, Навоий, Бобур асарларидан мисоллар келтирилди.

20-й. лар охири — 30-й. лар бошларида шўро адабий сиёсатида партиявий тазйиқ остида синфий душман ахтариш руҳи кучайди, ижод эркинлиги бўғилди, вульгар социологизм кўринишлари авж олди. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари зарарли асар деб, муаллифнинг ўзи эса буржуа адиби деб қораланди.

30-й. лар ўртасидан марказ Ёзувчилар уюшмаси қурултойининг қарори билан расмий кучга кирган социалистик реализм методи ҳақидаги ақиданинг кенг жорий этилиши оқибатида ўзбек Адабиётшуносликга партиявийлик, синфийлик, ғоявийлик, шаклан миллий, мазмунан социалистик деган тушунчалар чуқур сингиб борди. Мумтоз адабиётга муносабатда уни сарой адабиёти, диний-клерикал адабиёт, реакцион ёхуд прогрессив дея бир халқ адабиётини иккига ажратиб талқин этиш, ижодкорлар ва уларнинг меросини синфий қаршилантириш тамойили урфга кирди. Ўзига хос ёндашув ва таҳлилни талаб этадиган Яссавий, Боқирғоний, Бойқаро, Машраб, Ҳувайдо, Амирий, Феруз (Муҳаммад Раҳимхон) каби шоирлар мероси батамом қораланди, улар ижодини ўрганиш деярли ман қилинди. Шўро мафкурасининг зуғуми, танқид ва Адабиётшуносликнинг жиддий хатолари туфайли Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Сўфизода, Элбек, Боту, Усмон Носир сингари шоир ва ёзувчилар, Отажон Ҳошим, Вадуд Маҳмуд каби адабиётшунослар жисман ёхуд маънан маҳв этилдилар.

Ўша йиллардаги нисбатан ижобий фактлар сифатида Сўфизода, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ҳақида адабий портретлар ёзилганини, Иззат Султоннинг «Адабиёт назарияси» дарслиги ва б. монографиялар нашр этилганини қайд этиш мумкин. Бироқ 40-й. лар охири — 50-й. лар бошларида Адабиётшунослик фани космополитизмга қарши кураш, ягона оқим, конфликтсизлик назарияси деб номланган хато йўлларни босиб ўтишига ҳам тўгри кедди. Айни шу йиллари Ойбек, Мақсуд Шайхзода ва б. муаллифларнинг тарихий йўналишдаги, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Саид Аҳмад сингари адибларнинг замонавий мавзудаги асарлари, ўша «назариялар» дан келиб чиқиб, ноҳақ қораланди.

50-й. лар ўрталаридан аввал қатли ом қилинган айрим ёзувчи-шоирлар ҳаёти ва ижодини қайта ўрганишга ҳаракатлар бўлди. Матёқуб Ҳўшжонов, Озод Шарафиддинов, Иброҳим Ғафуров, Умарали Норматов, Салоҳиддин Мамажонов, Собир Мирвалиев сингари адабиётшунос олимларнинг адабий жараён, алоҳида ижодкор ва асар ҳақидаги китоб ва мақолалари адабиётнинг нисбатан эркин нафас олишига замин яратди.

60—70-й. ларда ўзбек адабиёти тарихи юзасидан қатор асарлар яратилди. Жумладан, илк адабий ёдгорликлардан тортиб 20-а. бошларигача бўлган даврлар меросини қамраб олувчи 5 жилдли «Ўзбек адабиёти тарихи» китоби нашр қилинди. Унда ўта мафкуравий талқин, адабиёт илмидан чекиниш, бир ёқламалик қусурлари мавжуд эсада, минг йиллик адабиётимизнинг тарихий тараққиёти, етакчи тамойиллари, сўз санъаткорларининг ҳаёти ва ижоди, асарларидаги ўзига хосликлар, маҳорат белгилари тўғрисида замона ютуқпари даражасида мухтасар маълумот берилди.

Дунёдаги энг қадим маданият ўчокларидан бири бўлмиш юртимизда яратилган жамики адабий-эстетик бойликларга холис нуқтаи на-зар билан қараш ва баҳо бериш имконияти пайдо бўлди. Натижада, адабиётшунос олимлар сўз санъатимиз тарихида эътиборга лойиқ неки асар бўлса, барчасини чуқур ўрганишдек масъулиятли юмушга киришдилар. «Авесто»дек теран ва мураккаб диний-маърифий ёдгорлик, халқ оғзаки ижодининг гултожи бўлмиш «Алпомиш» достони ва б. ўнлаб эпик асарлар атрофлича тадқиқ этилди.

Тасаввуф таълимотининг бадиий ижодга кўрсатган таъсири хусусида Нажмиддин Комилов («Тасаввуф», 1 — 2-китоблар), Иброҳим Ҳаққулов («Тасаввуф ва шеърият») ва б. мутахассисларнинг китоблари чоп этилди. Навоийнинг 20 жилдли «Мукаммал асарлар тўплами» нашр қилиниши баробарида, мутафаккир ижодини тамомила янги мезонлар асосида ўрганиш бошланди ва ўнлаб рисолалар яратилди. 20-а. бошларида ёзилган, маърифатпарварлик руҳи билан суғорилган бадиият намуналари тадқиқ этилди, ноҳақ қурбон бўлган Абдулла Қодирий (У. Норматов, «Қодирий боғи»; муаллифлар жамоаси «Абдулла Қодирийнинг бадиий олами»), Чўлпон (О. Шарафиддинов, «Чўлпон», «Чўлпонни англаш», Д. Қуронов, «Чўлпон, ҳаёти ва ижодий мероси»), Фитрат, М. Беҳбудий, А. Авлоний, Ҳамза, Усмон Носир ҳаёти ва ижодига доир йирик асарлар дунёга келди.

Адабиётшуносликнинг назарий муаммоларини ўз ичига қамраган 3 жилдли «Адабий турлар ва жанрлар» китоби, А. Ҳожиаҳмедовнинг «Шеърий санъатлар ва мумтоз қофия», «Ўзбек арузи луғати» рисолалари чоп этилди. С. Мирвалиев яратган «Ўзбек адиблари» тўплами эса 20-а. ўзбек адабиётининг йирик вакиллари ҳаёти ва ижоди хусусида энг зарур маълумотларни беради.

Адабиётшунослик нафақат ўзбек, балки жаҳон эстетик илми ютуқларини ҳам ижодий ўзлаштириш, бу борада ўз сўзини айтиш йўлида изланмоқда. Нажмиддин Комиловнинг «Тафаккур карвонлари», Иброҳим Ғафуровнинг «Дил эркинлиги» сингари китоблари кейинги давр ўзбек Адабиётшуносликнинг жиддий ютуқлари ҳисобланади. Бугунги кунда адабиётшунослигимиз сафларини Шуҳрат Ризаев, Дилмурод Қуронов, Баҳодир Каримов, Улуғбек Абдуваҳоб сингари ёш, истеъдодли олимлар тўлдирмоқда.

Бахтиёр Назаров, Раҳмон Кўчқоров.