АДАПТАЦИЯ

АДАПТАЦИЯ (лот. adaptatio — мослашув) — 1) организмнинг турли яшаш шароитларига мослашиши;

2) сезги аъзоларининг ўзига таъсир этадиган қўзғатувчиларга мослашиши натижасида уларда сезгирлик даражасининг ўзгариши (мас, кўзнинг ёруғлик ёки қоронғиликка мослашуви). Қўзғатувчининг таъсир кучи ўзгариши билан сезгирлик ҳам ўзгаради. Қўзгатувчилар суст таъсир этганда сезгирлик ошади, кучли таъсир этганда эса камаяди. Адаптация ҳодисаси ҳамма ташқи сезгилар (кўриш, эшитиш, ҳид, таъм, бадан сезгиси) га хосдир. Тактил, ҳарорат, ҳид ва кўриш сезгиларида Адаптация кучли, эшитиш ва оғриқ сезгиларида кучеиздир. Ички сезгилар (мас, ташналик, очлик) га нисбатан Адаптация ҳосил бўлмайди. Адаптация организмнинг нормал ҳаёт фаолиятини сақлаб туришини, атроф муҳитнинг турли омиллари: т-ра ва иқлимнинг ўзгаришига (қ. Иқлимга мослашиш), баландликка (қ. Баландлик касаллиги), кўпгина инфекцион агентларга (қ. Иммунитет) мосланишини таъминлайди. Адаптация реакцияси моддалар алмашинуви интенсивлигининг узлуксиз ўзгариб туришига асосланган. Одам организмининг мослашув реакцияси (А. реакцияси)ни тез (специфик) ва секин (носпецифик), туғма (тур эволюцияси жараёнида шаклланган) ёки орттирилган (ҳар бир организм учун ўзига хос) реакцияларга бўлиш мумкин. Мас, оғритадиган омил таъсирига жавобан оёқ-қўлни тортиб олиш, жисмоний иш қилганда нафас олишнинг кучайиши, қон оқими ҳамда юрак фаолиятининг тезлашиши ва қоннинг қайта тақсимланиши, қоронғида кўз ёруғлик сезиш лаёқатининг зўрайиши — буларнинг ҳаммаси туғма тез Адаптация реакцияларидир. Ҳар бир кишининг турли яшаш шароитларига мослашиш имконияти унинг ирсияти, ёши, соғлиғи ва б. га боғлиқ.

Prev Article

АДАМС УСУЛИ

Next Article

АДЕЛИ ЕРИ