АДАПТЕР

АДАПТЕР (лот. adapto — мослаштираман) — 1) товушни қайта эшиттиришда — мас, граммофон пластинкаси айланганда нинанинг ёки торли чолғу асбоблари торларининг механик тебранишини товуш частотасининг электр тебранишларига айлантириб берувчи қурилма. Граммофон А. и каллак ва тонермадан иборат. Каллак электромеханик ўзгартиргич ҳисобланади. Тонерма стержень кўринишида бўлиб, учига каллак ўрнатилади. Каллакнинг электромагнит ва пьезоэлектрик хиллари бор. Электромагнит Адаптер кенг тарқалган. Нина пластинкада юрганда тебранади ва тебранишлар якорга узатилади, якорь тебранганда эса қутб учликлари бўлган доимий магнит вужудга келтирадиган магнит оқими ўзгаради, ғалтакда э. ю. к. индукцияланади (қ. Магнит индукцияси). Бу э. ю. к. нинанинг механик тебранишларига мос равишда ўзгариб туради. Адаптерда вужудга келадиган электр тебранишлари кучайтирилади ва товуш тебранишларига айланади; А. электр ва акустик торли чолғу асбоблари, электрогитара, гитара, ўзбек созлари (танбур, гижжак ва б.)да ҳам қўлланилади;

2) фотографияда — тузилишида кўзда тутилмаган бошқа бичимдаги ва турдаги ёруғлик сезгир материалларни қўллашга имкон берадиган қўшимча кассета. Пластинкали фотоаппаратда 2 хил плёнкали Адаптер бўлади.