АДИБ СОБИР ТЕРМИЗИЙ (Шоҳобиддин ибн Исмоил) (1078 — Термиз — 1147) — шоир. Термизда вояга етган. Фалакиёт ва риёзиёт билан шуғулланган. Бир неча йил Арабистон ва Хуросонда саёҳатда юрган. 30 йил Хуросон ҳоки-ми Абулқосим Али ибн Жаъфар саройида, сўнг Марвда салжуқий ҳукмдор Султон Санжар саройида хизмат қилган, адабий муҳит билан танишган. Умар Хайём, Футухий, Марвозий, Анварий, Котибий, Саид Ҳасан Ғазнавий каби шоир ва олимлар б-н мулоқотда бўлган. Адиб Собир Термизий ижодида ижтимоий, таълим-тарбиявий фикрлар, илм-фан, одоб ва ахлоқни улуғлаш, ишқмуҳаббат ва табиат гўзалликларини куйлаш асосий ўринни эгаллаган («Ниҳоят ҳаддан ошди…», «Илм шарафига…», «Баҳор фасли…», «Гарчи олимнинг…», «Кечамиз тугару охир тонг отар», «Бир замон бўлгайки…» ва б.). Таржибанд ва рубоийларининг кўпчилигида ҳаётий воқеалар акс этган. Шеърлари асосан форс тилида. Шеърлари ва девонининг бир неча қўлёзма нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади. Девони Эронда (1952) нашр этилган, унга 109 қасида, 66 ғазал, 113 қитъа, 7 таржибанд, 92 рубоийдан иборат 7000 байт шеър кирган. Ас: Танланган асарлар, Т., 1979; Сайланма, Т., 1982.