АДИГЕЯ

АДИГЕЯ, Адигея Республикаси, Кавказ тоғ тизмасининг шим. ён бағрида, Кубань атрофидаги текисликда жойлашган. РФ Краснодар ўлкаси таркибига киради. Майд. — 7,6 минг км2. Аҳолиси — 450 минг кишидан ортиқ (1999). Пойтахти — Майкоп ш.

Табиати. Ер юзасининг аксарияти Шим. Кавказга хос ўрқирли текисликдан иборат, жан. даги тоғларнинг бал. 3238 м (Чугуш тоги). Газ, нефть конлари, маъданли булоқлар бор. Цемент, оҳак, ойна и. ч. учун хом ашё захираларига эга. Тоғларда кошинкорлик ва безакбоп тошлар кўп. Майкоп тупроғининг хусусиятлари ноёб. Адигея ҳудудининг қарийб 40%ни ўрмонлар ишғол қилади. Тоғ ва водийларда дуб, бук, қайин, шумтол, заранг, кавказ пихтаси, шарқ арчаси, қарағай, терак, самбит, қайрағоч, липа (жўка) ўсади. Адигеяда 60 турдаги сут эмизувчи ҳайвон, 200 хил парранда яшайди. Иқлими — мўътадил илиқ. Янв. нинг ўртача т-раси —2°, июлда 22° атрофида. Йилига 700 мм гача ёғин ёғади. Асосий дарёси — Кубань; унинг ирмоқлари — Лабой, Белой ва б. Тупроғи — асосан қоратупроқ. Кавказ қўриқхонасининг аксарияти Адигея ҳудудида.

Аҳолисининг кўпчилиги адигейлар ва руслар. Адигейларнинг тахминан 82% ўз тарихий ҳудудида яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 58,8 киши тўғри келади. Шаҳар аҳолиси 54%ни ташкил этади.

Тарихи. Тахм. 13-а. да ғарбий адигей қабилалари адигей элати бўлиб таркиб топа бошлади (антик ёзувчиларнинг далолат беришича, меотлар, синдлар ва б. уларнинг аждодлари бўлган). 13-а. да адигейларни Олтин Ўрда ўзига бўйсундириб олган. 16-а. да турк султонлари ва Қрим хонлари адигейларни қарам қилиш учун ҳужум уюштирган. 1557 й. дан Адигея Россия таркибида. 1918 й. Майкопда шўро ҳокимияти эълон қилинди, май ойида адигейлар яшовчи ҳудуд Кубань-Қора денгиз совет республикаси таркибига киритилди. 1922 й. Черкасия мухтор вилояти тузилди, у 1928 й. да Адигея мухтор вилояти деб аталди. 2-жаҳон уруши вақтида 1942 й. авг. да немис-фашист босқинчилари Адигея ҳудудини босиб олдилар. 1943 й. озод қилинди. 1991 й. А. мухтор вилояти Адигея республикаси бўлди. 1995 й. мартда Адигея конституцияси қабул қилинди.

Хўжалиги. Адигея халқ хўжалигида саноат етакчи ўрин олади. Унинг асосий тармоқлари — озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати. Энергетикаси иссиқлик электр ст-ялари ва гидроресурсларга таянади. Консерва, виночилик, ёғ-мой, тамаки, қанд-шакар, сут з-длари бор. Ўрмон, ёғочсозлик, машинасозлик саноати корхоналари мавжуд. Асосий саноат маркази Майкоп ш. Қ. х. да асосий экинлар буғдой, маккажўхори, шоли, кунгабоқар, қанд лавлаги, зиғир, тамаки, чой, эфир мойли ўсимликлар. 250 минг га ҳайдаладиган ер бор. Паррандачилик қ. х. нинг муҳим тармоғи ҳисобланади. Қорамол, қўй ва эчки боқилади. Йилқичилик ва асаларичилик ривожланган. Асосий транспорт тури — т. й. Автомобиль ва ҳаво транспорти ривожланган. Кубань дарёсида кемалар қатнайди. Адигея даги машинасозлик, ёғочсозлик, енгил саноат корхоналари маҳсулотлари — станоклар, турли типдаги редукторлар, мебель, картон, озиқ-овқат, шунингдек қора металлар, мойли экинлар уруғи жаҳондаги 17 мамлакатга чиқарилади. Майкоп ш. да ишлаб чиқариладиган юксак даражада тозаланган инсулин чет элда кенг тарқалган.

Маданияти. Адигеяда ўрта умумий, ҳунартехника ва олий таълим ривожланган. Адигеяда ун-т, Майкоп давлат технология инти, Адигея халқаро ФА, тарих-ўлкашунослик музейи, оммавий кутубхоналар, клуб муассасалари бор. Қадим замонлардан мардлик эпоси, қаҳрамонлик қўшиқлари, оғзаки тарихий ҳикоялар кенг ёйилган. Адабиёт ва санъат арбоблари — шоирлар Л. Куэк, Р. Хочемизова, рассомлар П. Амосьян, В. Долгов, В. Мехед, Ф. Петуваш, Т. Кат, М. Тугуз, 3. Гучев, М. Гогуноковлар машҳур. Жез давридан қолган олтин ва кумуш идишлар, ҳайвонлар тасвирланган ҳайкалчалар маълум, илк темир даврида заргарлик буюмлари ва керамика пайдо бўлган. Амалий нақш санъатининг анъанавий турлари: кумушга гул солиш, зар ва кумуш ип билан кашта тикиш ривожланган. Ҳоз. даврда дастгоҳ тасвирий санъати урф бўлди. Ўрта а. ларда Европа билан Осиёни боғловчи Буюк ипак йўли республика ҳудудидан ўтган. Адигейларнинг аждодлари жаҳон археологиясида машҳур бўлган Майкоп маданиятини яратганлар, маҳобатли тош сағаналар барпо этганлар. Адигеяда симфоник оркестр, камер театри, халқ чолғу асбоблари оркестри ишлаб турибди. Майкопда Шарқ халқлари санъати Давлат музейининг филиали очилган.