АДИЛАК

АДИЛАК (араб, адл — текис, тўғри, ак — кичрайтиш қўшимчаси) — юзанинг текис-нотекислигини аниқлайдиган асбоб. Қаламдон шаклидаги тахтачага ўрнатилган, ичига спирт ёки эфир тўлдирилиб, ҳаво пуфакчаси юрадиган шиша найча. Агар юза теп-текис бўлса, Адилак даги ҳаво пуфакчаси найча ўртасида тўхтайди. Адилакни дурадгор усталар, тоштарошлар ишлатадилар. Бу асбоб «шайтон» деб ҳам юритилади. Тахтачадан учбурчак шаклида ясалган Адилак ватерпас деб аталади. Ватерпас тик устунчали чизғич; унга шоқул осилган. Текширилаётган сирт горизонтал бўлса, шоқул чизғичдаги ўйиқ ўртасида тўхтайди. Адилак астрономия, геодезия ва физика асбобларининг муҳим қисми ҳисобланади. Астрономия А. и билан бурчакларни ҳам ўлчаш мумкин. Машинасозликда чилангарлик ва рамали Адилаклар ишлатилади. Чилангарлик Адилаки корпус ва унга маҳкамланган шкалали шиша найчадан иборат. У текшириладиган сиртнинг корпус асосига нисбатан қанча оғганлигини кўрсатади. Рамали Адилак бурчаклари аниқ ясалган тўрт бурчакли рамадир. Уни горизонтал (ётиқ) ва вертикал (тик) сиртларга урнатиб ишлатилади.