АДЛ (араб. — одиллик, тўғрилик) — ислом динида Аллоҳ сифатларидан, «илоҳий адолат»га эътиқод қилиш — ислом ақидавий талабларидан бири. Мўьтазилийлар Аллоҳнинг инсонларга одиллиги ҳақидаги тасаввурдан келиб чиқиб, инсон иродасининг эркинлиги ҳақидаги фикрни илгари сурган. Шиаликда — А. сўзи расман қабул қилинган бешта ақидадан бири, инсон тақдирини белгилашдаги Аллоҳнинг адолатли ҳукми мазмунида қўлланилади. Ҳоз. замон ислом илоҳиётида Адл — жамиятнинг барча аъзоларига нисбатан «илоҳий адолат», уларнинг «Аллоҳ олдида тенглиги» деб талқин этилади. Шариатда Адл ислом диний қонунларининг «илоҳий адолат»га асосланганлигини ифодалайди.