АДОЛАТ

АДОЛАТ — ижтимоий-фалсафий, ах-лоқий ва ҳуқуқий тушунча. Кишилар ижтимоий-сиёсий онгида катта роль ўйнайди. Муайян ижтимоий гуруҳлар ва айрим шахсларнинг тушунчаларини ўзида акс эттиради. Сиёсий хаттиҳаракатлар, ҳуқуқ ва бурч меъёрлари, ахлоқий муносабатлар, меҳнат ва тақдирланиш, жиноят ва жазо, хизмат ва уни тан олиш, қадр-қимматни эътироф қилиш ва ҳ. к. га мазкур тушунча орқали баҳо берилади. Адолат тушунчаси муайян тарихий шарт-шароит ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар билан белгиланади. Адолатнинг ижтимоий-фалсафий жиҳати жамият аъзоларининг хилма-хил муносабатларидаги ўзаро тенглигини назарда тутади. Ахлоқий жиҳати инсонлараро муомалада бир хил муносабатда бўлишни, бир-бирининг иззат-нафсига тегмасликни, ахлоқ-одоб қоидаларига амал қилишни билдиради. Адолатнинг ҳуқуқий томони қонунларга риоя этишни, сиёсий томони эса давлатни адолат қоидалари асосида бошқаришни, фуқаролар ғамини ейишни англатади. Ривожланган жамиятда Адолат кишиларнинг демократик қонунлар асосида иш юритишини тақозо этади, унда ҳар бир одам ўз меҳнати, тадбиркорлиги, ақл-заковати туфайли топган мол-мулки ҳисобига яшайди. Давлат ўз фаолиятида фуқаролар томонидан Адолат қоидалари ва қонунларга амал қилинишини назорат этади, жамият аъзоларининг мол-мулки дахлсизлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлайди.

Prev Article

АДИП

Next Article

АДРАС