АДОЛЕСКАРИЙ (янги лот. adolescaria, лот. adolesco — ўсаман, йириклашаман) — айрим сўрғичли ясси чувалчанглар, мас, жигар қуртининг сўнгги личинкали даври. Адолескарий оралиқ хўжайин (моллюска) танасидан сувга чиқадиган сув ўтлари, сув буйида ўсадиган ўсимликлар ёки сув тубидаги нарсаларга ёпишиб думини ташлаши туфайли ҳосил бўлади. Церкарийнинг Адолескарийга айланиш жараёни цистогония дейилади. Сув ёки озиқ билан асосий хужайин (ўтхўр ҳайвонлар, баъзан одам ва б. сут эмизувчилар) организмига ўтган Адолескарийдан вояга етган паразит ривожланади.