АДРИАНОПОЛЬ СУЛҲ ШАРТНОМАСИ

АДРИАНОПОЛЬ СУЛҲ ШАРТНОМАСИ — 1828—29 й. лардаги Россия-Туркия урушини якунлаган сулҳ шартномаси. Адрианополь (ҳоз. Эдирне) ш. да имзоланган. 1827 й. 6 июлда Россия, Англия ва Франция давлатлари ўзаро тил бириктириб, Туркиядан Грецияга мухторият бериш масаласини қўйдилар. Бироқ Туркия ҳукумати бу талабни рад этди. Бунинг устига Дунай князликларида Россиянинг устунлигини тиклаган Аккерман конвенцияси (1826) дан норози бўлган Туркия Россияни усмонлилар империясининг ашаддий душмани деб эълон қилди ва барча мусулмонларни русларга қарши ғазовотга чақирди. Россия 1828 й. 14 апр. да Туркияга қарши юриш бошлади. Рус қўшинлари тез орада Константинополга яқинлашиб қолди. Бундан чўчиган Ғарб давлатлари Туркияга дарҳол сулҳ тузишни ва Россия шартларига кўнишни таклиф килди. Туркия 1829 й. 2 (14) сент. да Адрианополь сулҳ шартномасини имзолади. Адрианополь сулҳ шартномаси натижасида Қора денгизнинг Босфор ва Дарданель бўғозларидан рус ва хорижий давлатларнинг савдо кемалари эркин ўтиш ҳуқуқини олди. Кавказ ерларининг Россияга узил-кесил ўтганлиги Адрианополь сулҳ шартномасида қайд этилди.

Prev Article

АДРИАНОПОЛЬ

Next Article

АЁЗ ҚАЛЪА