АДВЕНТИСТЛАР (лот. adventus — воқе бўлиш) — христиан секталаридан бири. 19-а. нинг биринчи ярмида АҚШда вужудга келган. Секта аъзолари «Исонинг қайтиб келиши» яқинлигига, худонинг минг йиллик ва танҳо ҳукмронлиги бошланишига ишонадилар. Асосчиси баптист У. Миллер (1782 — 1849). «Муқаддас ёзувлар ва 1843 й. да Исонинг 2-марта воқе бўлиши ҳамда 1000 йиллик ҳукмронлиги ҳақида тарихий далиллар» китобида Библия таркибига кирган пайғамбарлар китобларига суяниб, Исонинг 2-марта келишига доир ўзи белгилаган муддатни асослашга уринган. Адвентистлар ҳаракати бир неча тармоқларга бўлиниб кетган. Энг йириги — «Еттинчи кун адвентистлари»дир. Адвентистлар инсоният тарихи Исо ва шайтон ўртасидаги абадий курашдан иборат, бу кураш шайтоннинг ҳалокати билан тугайди, халос бўлишнинг бирдан-бир йўли Адвентистлар эътиқодини қабул қилишдир, деб ишонади. Адвентистлар жоннинг ўлмаслигини инкор этади: жон тана билан бирга ўлади ва Исонинг қайтиб келган куни яна тирилади. Улар худо оламни яратаётганда шанбада дам олган, дейдилар ва шу сабабли шанба кунини байрам қиладилар. Шунинг учун Россияда Адвентистлар ўзларини субботниклар деб атайдилар. Бу секта МДҲда, жумладан, Ўзбекистоннинг айрим шаҳарларида ҳам мавжуд. Уларнинг рўйхатга олинган 9 та жамоаси бор (1998). Мавжуд бўлган барча черковларга Тошкент ш. да жойлашган Еттинчи кун христиан Адвентистлар ининг Ўрта Осиё конференцияси раҳбарлик қилади. Президенти Роберт Гейбель (1992 й. дан).