АДВОКАТУРА

АДВОКАТУРА — адвокатларнинг уюшган кўнгилли жамоат ташкилоти. ЎзР Конституцияси 116-модда 2-қисмида суд ва тергов ишиўи юритиш ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга (жисмоний ва юридик шахсларга) юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгиланган. Адвокатура ташкил этиш ва иш тартиби қонун билан белгиланади. «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунда (1996 й. 27 дек.) таъкидланишича, Адвокатура — ҳуқуқий муассаса ҳисобланиб, у адвокатлик фаолияти ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади, ЎзР фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади, ўз фаолиятини ЎзР Конституцияси 3-бобида кўрсатилган Конституция ва қонуннинг устунлиги тўғрисидаги принцип ҳамда мустақиллик ва б. демократик принциплар асосида амалга оширади.

Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган шахс ўз адвокатлик бюросини очиб якка тартибда фаолият кўрсатишга ёхуд ихтиёрийлик асосида бошқа адвокатлар (шериклар) билан ҳайъатлар ва фирмалар тузишга қақдидир. Адвокатлар бюро, ҳайъат ва фирмалари, шунингдек, адвокатлар бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент ш. ҳокимликлари адлия бошқармалари томонидан ЎзР Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда рўйхатга олинади. Адвокатлар бюро, ҳайъат ва фирмаларини тузиш, улар тузилиши, штатлари, вазифалари, маблағ сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлар бюро, ҳайъат ва фирмаларининг фаолиятига доир бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари) билан тартибга солиб турилади. Адвокатура нотижорат ташкилотдир ва фаолиятни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади. Адвокатура маблағлари, давлат билан Адвокатура ўртасидаги ўзаро муносабатлар «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги ЎзР Қонунида (1998 й. 25 дек.) белгилаб берилган. Адвокатуралар қонунда белгиланган тартибда адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин (қ. Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси).

Prev Article

АДАШЕВ

Next Article

АДИБ