АДВОР

АДВОР (араб. — айланалар, туркумлар; бирлиги — давр) — Ўрта ва Яқин Шарқ мусиқа назариясида мазмунан универсал, шаклан тугал ва мунтазам такрорланувчи жараёнларни ифодалайдиган бадиий-эстетик қонуниятлар ва илмий-назарий қоидалар тизими. Адвор тушунчаси Ўрта Осиё маданиятида қад. даврлар (тахм. мил. ав. 1-минг йиллик) да вужудга келади. Дастлаб у умумий космогоник мазмунга эга бўлиб, табиат жараёнларидаги (мас, йил фаслларининг алмашуви, мучал-буржлар ва осмон жисмларининг ҳаракат доиралари ва ҳ. к.) мунтазам такрорланувчи ҳолатлар билан боғлиқ деб фараз этилмиш бадиий-эстетик қонун-қоидаларга таянади.

Адвор илк бор Киндий (801—879) нинг мусиқий рисолаларида махсус илмиймусиқий атама сифатида «ритмик доиралар» маъносида, Форобий асарларида мусиқа асарларининг муваққат-фазовий (ритмик, шаклий) нисбатларни, «Ихвонус-сафо» (10-а.) рисолаларида эса универсал-эстетик тушунчаларни ҳам ифодаловчи атама сифатида қўлланилади. 12—13-а. ларда Адворнинг маъно доираси янада кенгайиб, унда туркум (Ўн икки мақом, навбат, амал ва б.), алоҳида ижро этиладиган мусиқа асарларининг тузуклари (парда ва товуш-қаторлар тизими) ва ритмик доиралари (усул ва зарблар) акс эттирилган. Ушбу универсал мусиқий маънолардаги Адвор атамаси 13—15-а. ларда, айниқса, ал-Урмавийнинг «Китобул-адвор» («Айланалар китоби») асаридан кейин мусиқа истилоҳида «мақом» атамасига тенг маънода муҳим ўрин эгаллаган. Урмавийнинг мазкур асари ва ундан кейин ёзилган бошқа рисолаларида Ўн икки мақом куй тузуклари ва усуллари муайян нисбатлар асосида ўзаро мутаносиб айланалар шаклида ифода этилган. Ўрта асрлар мусулмон Шарқи мусиқа илмида ритмик вақт бирлиги ҳамда ушбу бирликлардан ташкил этилган ритмик тузилма (усул)лар ҳам давр ёки Адвор деб аталиб, рисолаларда айлана шаклида ифода этилган.

Ад.: Ражабов И., Мақомлар масаласига доир, Т., 1963.

Абдуманнон Назаров.