АЭРОВОКЗАЛ

АЭРОВОКЗАЛ — аэропортларца ҳаво транспорти йўловчиларига хизмат кўрсатиладиган ва юк операциялари ўтказиладиган бино ёки бинолар мажмуи. Аэровокзал таркибига вокзал олди майдони (шаҳар транспорти тўхтаб туриш майдони билан бирга), самолётлар турадиган перрон, перрон-техника хизмати кўрсатиш бинолари, самолёт бортида йўловчиларга бериладиган озиқ-овқат тайёрлаш цехи, меҳмонхоналар, команда-диспетчерлик пунктини ўз ичига олган асосий иншоотлар мажмуи киради. Одатда, бу бино ва иншоотлар Аэровокзал биноси билан бирга қурилади. Аэровокзалнинг ички ва халқаро линияларга хизмат кўрсатувчи хиллари бўлади. Аэровокзалда йўловчиларга хизмат кўрсатиш юмушлари қуйидагиларни ўз ичига олади: чипталар сотиш ва рўйхатга олиш; рейс бўйича юкларни қабул қилиш, расмийлаштириш, комплектлаш ва учиб келган йўловчиларга юкларини бериб юбориш; самолётларнинг учиши ва қўниши ҳақида ахборот бериб туриш, почта, маиший, тиббий ва б. хизматлар кўрсатиш. Аэровокзалнинг ўлчами аэропортнинг йўловчиларни ташиш ҳажмидан келиб чиқади. Тошкент аэропортидаги Аэровокзал йирик Аэровокзаллар жумласига киради (524-бетдаги суратга қ.). Йирик шаҳарларда аэропортлардаги Аэровокзал ишини енгиллаштириш мақсадида аэропорт билан шаҳар транспорти воситасида боғланган шаҳар Аэровокзали қурилади.

Loading...