АЭРОЗОЛЛАР

АЭРОЗОЛЛАР (аэро… ва лот. solutio — эритма) — газ муҳитида муаллақ турадиган майда-майда қаттиқ ёки суюқ зарралардан ташкил топган дисперс тизимлар. Аэрозоллар даги зарраларнинг катталиги мм нинг ўн миллиондан бир улушидан тортиб, бир неча мм гача боради (қор учқунлари, ёмғир томчилари). Аэрозоллар қаттиқ ёки суюқ жисмларнинг майдаланиши, парчаланиши (мас, портлаш вақтида) ёки конденсатланиши (мас, ҳаводаги қаттиқ жисм зарралари, газ ионлари ва б. да сув бугининг тўпланиши) натижасида, шунингдек кимёвий реакция вақтида (аммиак билан водород хлориддан аммоний хлорид олинганда) вужудга келади. Аэрозолларнинг муҳим хусусияти зарраларнинг қарама-қарши зарядлигидир, дисперс муҳитнинг зичлиги ва қовушомиги кичик бўлганидан, бундай муҳитдаги зарралар тўхтовсиз ҳаракат қилиб туради, бунинг натижасида улар ўзаро тўқнашиб, осонгина йириклашиши мумкин (А. коагуляцияси), йириклашган зарралар эса огирлик кучи таъсирида дисперс муҳитдан ажралади — дисперс тизим бузилади. Аэрозолларни парчалашда юқори кучланишли электр токи, марказдан қочирма куч ва ультратовушлардан, махсус фильтрлардан фойдаланилади. Метеорологияда, ҳавони чангдан тозалашда, ҳарбий ишда (тутун пардаси ҳосил қилишда), пуркагич ёрдамида жисмларга лок ёки бўёқ беришда ва б. ишларда Аэрозоллар муҳим роль ўйнайди.

Loading...