АФАНДИ

АФАНДИ — туркий халқлар оғзаки ижодидаги образ. Исми Хўжа Насриддин (А. лақаби). У ўзбекларда Афанди (Насриддин афанди), туркларда Хожа Насриддин, қозоқларда Хўжа Носир, озар-байжонларда Мулла Насриддиндир. Афанди барча латифаларда мард, тўғри сўз, ҳақиқатгўй, адолатни улуғловчи, камбағал, бева-бечораларнинг ҳомийси, шунингдек шахс ва жамият камчиликлари устидан кулувчи халқ қаҳрамони сифатида гавдаланган. У баъзи адолатсиз амалдорлар, қозиларнинг, сўзи билан иши мос келмайдиган руҳонийларнинг кирдикорларини фош этган, уларга бўлган муносабатини енгил му-тойиба ёки аччиқ ҳажв орқали ихчам ва образли тарзда ифодалаган. Афанди ҳақидаги халқ ижоди бўлмиш латифалар тўплам ҳолида бир неча бор нашр этилган.

Афанди ёзувчи ва санъаткорлар ижодидан муносиб ўрин олган: «Насриддиннинг ёшлиги» драмаси, «Насриддин Хўжандда», «Насриддин Бухорода», «Хўжа Насриддин саргузаштлари», «Хўжа Насриддиннинг ўн икки қабри», «Афандининг беш хотини» фильмлари, «Хўжа Насриддин» опереттаси, «Насриддин афанди» мусиқали комедияси, шунингдек тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик асарлари яратилган.

Ад.: Йўлдошева Ф., Ўзбек халқ латифаларида Насриддин афанди образи, Т., 1979.

Loading...