АФРИКА БИРЛИГИ ТАШКИЛОТИ (АБТ) — Африка қитъасидаги 53 давлатни (1994) бирлаштирувчи энг йирик минтакавий сиёсий ташкилот. 1963 й. 25 майда Африка мамлакатлари давлатлари ва ҳукуматлари бошлиқларининг Аддис-Абеба конференциясида ташкил этилган. АБТ Африка давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, қитъадаги мамлакатлар мустақиллигини ҳимоя қилиш каби мақсадларни кўзлайди. Африкадаги ҳар қайси мустақил ва суверен давлат АБТга аъзо бўлиши мумкин. Асосий органи Давлатлар ва ҳукуматлар бошлиадарининг ассамблеяси, Вазирлар кенгаши, Бош котибият ҳамда Воситачилик, яраштириш ва ҳакамлар комиссиясидан иборат. Давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларининг ассамблеяси — АБТ олий органи ҳисобланади. АБТ маъмурий органи — Бош котибият, унга Бош котиб раҳбарлик қилади. Воситачилик, яраштириш ва ҳакамлар комиссиясининг вазифаси — АБТ аъзоси бўлган давлатлар орасидаги ҳамма низоларни тинч воситалар билан бартараф этиш. АБТ қароргоҳи — Аддис-Абеба (Эфиопия) ш. да.