АФРИКАШУНОСЛИК — Африка халқларининг тарихи, урф-одатлари, минтақанинг ижтимоий, иқтисодий тузуми, тиллари, сиёсати, иқтисодиёти, маданияти ва ундаги сиёсий жараёнларни ўрганадиган фан. Африка ва унинг халқлари тўғрисидаги баъзи маълумотларни Мовароуннаҳр халқлари қадимдан билганлар. Африка қитъасини Муҳаммад Мусо Хоразмий (9-а.) ўзининг «Сурат ул-арз» («Ер шакли») асарида тилга олган. Африкадаги халқлар, уларнинг урф-одатлари, машғулоти ва бойликлари тўғрисидаги маълумотлар дастлаб энциклопедист олимлардан Аҳмад Фарғоний асарларида, Абу Райҳон Берунийнинг «Ат-Тафҳим» («Тушунтириш»), «Қонуни Масъудий», номаълум муаллифнинг «Ҳудуд ул-олам» («Олам чегаралари», 10-а.), Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» (11-а., учинчи жилд), Муҳаммад Нажиб Бакроннинг (13-а.) «Жаҳоннома» ва б. асарларда учрайди. Беруний чизган дунё харитасида Африка қитъасининг ҳам шакли бор. Африканинг табиий бойликлари ва халқлари тўғрисидаги муфассалроқ далилларни биз Ҳофизи Абру (1361—1430)нинг жуғро-фий асарларида, Маҳмуд ибн Валининг «Баҳр ул-асрор» («Сирлар денгизи») асарида кўп учратамиз. Африкашунослик борасида Россия ФА 1959 й. да ташкил этган Африка ин-тида йирик илмий ишлар олиб борилади. Тадқиқотлар йўналиши қуйидагича: и. ч. кучлари, улкашунослик, цивилизация муаммолари, халқаро ва Африка мамлакатлариаро муаммолар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, «ислом омили», хотин-қизлар масалалари, минтақадаги илм-фан, таълим, молия-кредит муносабатлари. Мазкур ин-т жаҳондаги энг етакчи илмий даргохлардан бўлиб, ўзининг «Африканский рўнок» («Африка бозори») жур. ини, рефератив тўпламлар, кичик энциклопедиялар, маълумотномалар нашр этади ва «Азия и Африка сегодня» («Осиё ва Африка бугун»), «Восток» («Шарқ») жур. ларида Африкага оид муаммоларни тадқиқ ва таҳлил қилади.
Африка тилларини ўқитишда африкалик олимлар, мутахассислар ҳам ҳисса қўшиб келмоқда. Ғарб олимлари Африканинг сиёсий ва иқтисодий масалаларини, ундаги сиёсий жараёнларни ўрганиб кенг таҳлил этдилар, илмий монографиялар нашр этдилар. Хусусан, инглиз олимлари Кравфорд Юонг, Жон Райт, Мартин Крамер, Жонахан Бирман, Райт Ферст, Лиллиан К. Харрис, француз олимлари Даниел С. Паппларнинг номларини таъкидлаш ўринлидир. Ўзбекистон олимлари 60—80-й. ларда энг аввало Африка халқларининг миллий-озодлик ҳаракати билан боғлиқ масалаларни тадқиқ этган бўлса, 90-й. ларда эса ушбу минтақанинг долзарб ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда. 80-й. ларда Африканинг турли муаммолари бўйича бир неча ўзбек олимларининг мақола, рисола ва монографиялари чоп этилди, номзодлик диссертациялари ёқланди. Ҳозирда ўзбекистонлик африкашунос олимлар Африкага тааллуқли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, мафкуравий, ҳарбий масалаларни тадқиқ этмоқдалар. 1991 й. да ташкил топган Тошкент давлат шарқшунослик ин-тида талабалар Африка мамлакатлари тарихи, иқтисоди, ички ва ташқи сиёсатини ўрганмоқдалар, Африкашунослик соҳасида мутахассис бўлиб етишмоқдалар. Африкашуносликга, шунингдек ЎзМУ да, Стратегик ва минтакалараро ин-тида қисман эътибор қаратилмоқда. Миллий мустақиллик шароитида ЎзбекистонАфрика муносабатлари бир маромда ривожлана бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Африканинг Миср, Ливия, Мали, Марокаш, ЖАР, Мозамбик, Жазоир, Тунис, Ботсвана, Судан, Эфиопия, Жибути, Гвинея, Габон, Бенин, Экваториал Гвинея, Замбия, Нигерия, Гана, Чад, КабоВерде ва б. мамлакатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. ЎзРнинг Африка мамлакатлари билан сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий алоқалари янгича аҳамият касб этмоқда. 1968 й. дан бери Тошкентда халқаро кинофестиваллар, биргаликда спорт мусобақалари ўтказиляпти.
Ад.: Зиядуллаева Л., Проблемы социально-экономического развития освободившихся стран, Т., 1986; Новикова О. Б., Страны Тропической Африки: налоги, стратегия развития и экономический рост, М., 1991. Гиясов Б. Т., Хосни Муборак — политик и дипломат, Т., 1998; Раҳмонов Д. Н., Африка — Осиё қитъаларидаги низоли вазиятлар ва умуминсоний омиллар, Т., 1993. Бобур Ғиёсов.