АГАЛАКТИЯ

АГАЛАКТИЯ (юн. а — инкор қўшимчаси, gale — сут) — эмизикли аёл кўкрагида сут бўлмай қолиши. Агалактия асосан сут безларининг етарли ривожланмаганлиги ва организмда ички секреция безлари функциясининг бузилиши, мас, жинсий безлар ва гипофиздан чиқадиган гормонлар ўртасидаги мувозанатнинг йўқолиши, баъзи аъзоларнинг касалланиши натижасида келиб чиқади. Нотўғри овқатланиш, кучли ҳаяжон, қўрқув ва асабийланиш ҳам Агалактияга сабаб бўлиши мумкин. Умуман, А. Камроқ учрайди, кўпроқ гипогалактия, яъни сут камайиб қолиш ҳодисаси рўй беради. Агалактияни даволаш учун сут безини массаж қилиш (уқалаш), ўз вақтида ва бекаму кўст овқатланиш, тиниқиб ухлаш ва дам олиш лозим. Бу ёрдам бермаса, врач тавсияси билан болани бошқа аёлга эмиздириш ёки гўдаклар учун мўлжалланган сутли овқатлар билан боқиш тавсия этилади.

Prev Article

АВУРСАК

Next Article

АГЕНТ