АГАМАЛАР (Agama) — агамасимонлар оиласига мансуб калтакесаклар уруғи. Танаси ясси, боши учбурчак шаклда, думи цилиндрсимон ёки икки ёндан бир оз сиқилган. Танаси хилма-хил рангда, айниқса эркаклари ранг-баранг бўлади. Агамаларнинг 70 га яқин тури маълум. Африка, Жан.-Ғарбий ва Марказий Осиёнинг очиқ дашт, чўл ва тошлоқ тоғли ҳудудларида тарқалган. Айрим турлари Жан.-Шарқий Европада ҳам учрайди. Ўзбекистоннинг дарё водийлари ва чўлларида чўл агамаси, яъни кунқарғар (Agama sangyinalenta), тоғли ҳудудларида Туркистон агамаси, яъни тошкалтакесак (Agama lohmanni), Кавказ агамаси (Agama caucasia), Ҳимолай агамаси (Agama nimalayana), Павловский агамаси (Agama pawlowskii) тарқалган. A. ҳар хил ҳашаротлар, ўргимчаксимонлар, кўпоёқлилар ва майда калтакесаклар, шунингдек яшил ўсимликларнинг гули, барглари ва меваси билан озиқланади.