АГАМАСИМОНЛАР (Agamidae) — калтакесаклар кенжа туркуми тангачалилар туркумига мансуб судралиб юрувчилар оиласи. Агамасимонларнинг боши учбурчак ёки тўгарак шаклда, устки томондан майда тангачалар ёки буртмачалар билан қопланган. Танаси япалоқ (ерда яшовчи Агамасимонлар) ёки икки ён томондан сиқиқ (дарахт А.), оёқлари ва думи яхши ривожланган, кўз қорачиғи тўгарак шаклда. Кўпчилик Агамасимонлар тишларининг ташқи кўриниши сут эмизувчиларникига ўхшаганлиги учун уларни сохта курак, қозиқ ва озиқ тишлиларга ажратилади. Агамасимонларнинг 34 уруққа бўлинадиган 300 га яқин тури маълум. Африка, Жан. ва Марказий Осиёда, айрим турлари Жан.-Шарқий Европа, Австралия ва Полинезияда тарқалган. Ўзбекистонда агамалар ва тўгаракбошлилар уруғларига мансуб 15 га яқин тури тарқалган. Очиқ дашт, чўл ва тошлоқ жойларда яшайди.