АГАМЕМНОН

АГАМЕМНОН — юнон мифологиясида Микен ёки Аргос подшоҳи. «Илиада» достонида тасвирланишича, Троя урушида мардлик ва жасорат кўрсатган, бироқ манфаатпараст, такаббур шахс бўлган. Троя устидан ғалабага эришгач, Агамемнон ўз юртига қайтаётганда хотини Клитемнестра ва унинг жазмани Эгисф томонидан ўлдирилган. Агамемнон образига кўпгина ёзувчилар (Эсхил, Еврипид ва б.) мурожаат этишган.