АГАР-АГАР — айрим денгизларнинг қизил ва қўнғир рангли ўсимликларидан алоҳида усулда қайнатиб олинадиган шилимшиқ модда. Таркибида 50 — 80% гача агароза бўлади. Агароза билан бирга А.-А. таркибига нордон полисахарид фракция — «агаропектин» ҳам киради. А.-А. совуқ сувда деярли эримайди, қайноқ сувда яхши эрийди. 0,5 — 1,5% ли сувли эритмалари 32 — 39° гача совитилганда 85° да эрувчи мустаҳкам геллар ҳосил қилади. А.-А. микробиологияда микроорганизмларни ўстириш учун озиқли муҳит сифатида, шунингдек озиқовқат, қандолатчилик саноатида, дори тайёрлашда ва б. соҳаларда ишлатилади.