АГЛОМЕРАТЛАШ (металлургияда) — майда руда ва руда концентратларини махсус машиналарда пишириб йирик бўлаклар (агломератлар) ҳосил қилинадиган термик жараён. Машина бункерига (дўлга) майдалиги 8 — 10 мм гача бўлган руда, ёқилғи ва колошник (қ. Мартен пени) кукунлари аралашмаси тўлдирилади. Аралашма бункер-дозатор орқали винтли аралаштирувчига узатилади. Аралашма махсус намлагич ёрдамида маълум даражада намлангач, конвейер лентасининг таги тешик қутисига узатилади. Бу қутига тўлдирилган аралашма горелка тагига келгач аралашма ёнади. Қутидаги т-ра 1100 — 1200° гача кўтарилади. Темир оксиднинг бир қисми ҒеО гача қайтарилгач, SiO2 билан бирикиб, тошқол (шлак) ҳосил қилади. Бу бирикма эрийди ва майда материалларни ўзаро бириктириб, агломерат ҳосил этади. Қутидаги ёқилғининг ёниши учун тагидан ҳаво бериб турилади. Ёниш маҳсулотлари вентилятор воситасида мўридан ҳавога чиқариб юборилади.