АГРАР МАСАЛА

АГРАР МАСАЛА — қ. х. да ерга эгалик қилиш, ердан фойдаланиш, хўжалик юритиш усуллари юзасидан пайдо бўлган ва ҳар бир даврда ўз ечимини талаб қилувчи масала. Аг. м. қишлоқдаги аграр муносабатлар тараққиётга тўсқинлик қилган кезларда пайдо бўлади, уни ҳал этиш тараққиёт омили ҳисобланади. Ер энг ноёб ва бетакрор иқтисодий ресурс, уни янгидан яратиб бўлмайди, уни сақлаб, ундан авайлаб фойдаланиш асосида самарали хўжалик юритиш мумкин. Ерга мулкчилик шакли ундан яхши фойдаланишга имкон бермай қўяди, хўжалик юритиш усуллари эскириб қолади, уларни янгилаш зарурати Аграр масалани юзага чиқаради, чунки ерда меҳнат қилувчилар ер мулкидан маҳрум бўладилар, ер унда ишловчилардан ажралиб қолади, хўжалик юритмай ерни ижарага берувчи заминдорлар ернинг ҳолатига бефарқ қарайдилар, ер ўз эгасини топмай қолади. Ер эгасиз бўлганидан тупроқ ҳосилдорлиги ва қ. х. унумдорлиги пасаяди — қ. х. да инқироз юз беради. Уни бу ҳолатдан чиқариш учун Аграр масалани ечиш керак бўлади. Аграр масала аграр ислоҳотлар асосида ҳал этилади.

Prev Article

АГЛОПОРИТ

Next Article

АГРЕГАТЛАШ