АГРАР ТАНГЛИК — қ. х. да юз берадиган иқтисодий инқироз. Унинг маҳсулотларни кўп и. ч. туфайли ёки маҳсулотларни кам и. ч. оқибатида юз берадиган кўринишлари бор. Биринчи турдаги Аграр танглик сабаби бозор иқтисодиётидаги ноаниқликнинг булишидир, бунинг натижасида талаб ва таклиф мувозанати бузилади. Талаб ортиб борганда нарх кўтарилиб хўжаликлар фойдани кўп кўрадилар, улар и. ч. ни кенгайтирадилар, маҳсулотлар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетиб, уларнинг таклифи талабдан ошиб боради. Маҳсулотларнинг бир қисми сотилмай қолади ёки ўта паст нархда сотилади. Бозорнинг касодлиги деҳқонларни оғир аҳволга солиб қўяди, улар и. ч-. ни қисқартиришга мажбур бўладилар, ўз сарф-харажатларини қоплай олмай хонавайрон бўладилар. Шундай тангликлар 20-а. мобайнида бир неча бор юз берган. Унинг энг даҳшатлиси 1929 — 32 й. лардаги тангликдир. Бу А. т. бутун дунёдаги мамлакатларни, қ. х. нинг барча тармоқларини чулғаб олди.
Аграр Тангликнинг иккинчи тури аграр муноса-батлар эскириб қолганда, улар и. ч. ни рағбатлантирмай қўйганда юз беради. Деҳқонлар маҳсулотни кўпайтиришдан манфаатдор бўлмай қолади, чунки уларнинг даромади қисқариб кетади. Бозор нархларининг ўзгариши деҳқонлар зарарига бўлади, яъни деҳқончилик маҳсулоти нархига нисбатан саноат маҳсулоти нархи тез ўсади. Натижада деҳқонлар саноат маҳсулотини олиш учун ўз маҳсулотини тобора кўпроқ сотишга мажбур бўладилар. Бундай Аграр тангликдан чиқиш учун қ. х. ислоҳ этилади: ерга мулкчилик ўзгартирилади, ер деҳқонлар мулкига айлантирилади, ижарачиликка кенг йўл берилади, серкапитал иншоотлар (ирригация), йўллар ва энергетика соҳалари давлат ҳисобидан ривожлантирилади ва ҳ. к.
Ривожланган мамлакатларда Аграр тангликни бартараф этиш учун қ. х. бўйича махсус қонунлар қабул қилинган бўлиб, давлат қ. х. маҳсулотларини сотиш мумкин бўлган нархларнинг энг қуйи чегарасини белгилаб қўяди («фермерларни қўллаб-қувватлаш нархи»), ортиқча қ. х. маҳсулотини харид этиб, унинг захираларини ташкил этади, ортиқча маҳсулотни бозорга чиқармай турган ёки экин майдонини бозорга қараб қисқартирган фермерларга субсидия беради ва б. Қишлоқдаги мулкий муносабатлар ва хўжалик юритиш усулларини ўзгартириш и. ч. ни ривожлантириб, Аграр танглик т-. дан чиқиш имконини беради.
Аҳмаджон Ўлмасов, Эркин Юсупов.