АГРЕГАТ СТАНОК

АГРЕГАТ СТАНОК — ўзаро кинематик боғланмаган узеллар (агрегатлар) дан қурилган махсус металл кесиш станоги. Агрегат станок станина, унга ўрнатилган ва кескичларни ҳаракатга келтирадиган бир неча куч каллаги, ишланадиган деталь маҳкамланувчи стол ва ёрдамчи (совитиш, мойлаш ва б.) агрегатлардан иборат. Куч узатмалари алоҳида юритмага эга, улар ҳаракатининг ўзаро боғлиқлиги ва кетма-кетлиги ягона бошқариш тизимидан таъминланади. Ишлов бериладиган асбоб қўзғолмайдиган, кесувчи асбоб эса ҳаракатланадиган механик ишлов беришда Агрегат станок кенг тарқалган. Бунда деталга бир вақтнинг ўзида бир неча асбоблар б-н механик ишлов бериш мумкин. Агрегат станок лардан, асосан, кўплаб маҳсулот ишлаб чиқарадиган з-длардаги автоматик ёки оддий поток линияларида фойдаланилади.