АГРОБИОЦЕНОЗ (юн. агро… ва биоценоз) — одамнинг деҳқончилик юритиш жараёнида (қ. х. экинлари экиш, боғлар барпо этиш ва б.) таркиб топган муайян ҳудудлар (майдонлар)даги ҳар хил ўсимлик ва ҳайвон (микроорганизм) лар жамоаси. Агробиоценоз организмларнинг табиий жамоадан фарқи шундаки, уни ташкил қилувчи компонентларнинг сони, ривожланиш интенсивлиги ва яшаш муддати доимо инсон фаолияти таъсирида бўлади. Агробиоценоз ҳайвонот олами, асосан ҳашаротлардан (кўпчилиги зараркунанда) иборат. Муайян турдаги бегона ўтлар б-н бирга тирик организмларнинг шаклланишида маданий ўсимликлар белгиловчи шарт-шароит ҳисобланиб, Агробиоценознинг энергетик асосини ташкил этади. Натижада ҳар бир маданий ўсимлик турига хос Агробиоценоз ҳосил бўлади. Агробиоценоз флора ва фаунани анчагина ўзгартириб юборади, шунинг учун рационал Агробиоценоз яратиш унинг компонентларини аниқ ҳисобга олишни, улар сонини бошқаришда илмий асосланган усулларни қўллашни, кимёвий воситалар (ўғитлар, пестицидлар ва б.)дан тўғри фойдаланишни талаб қилади (яна қ. Биогеоценоз, Фитоценоз).