АГРОЭЛЕКТРОНИКА

АГРОЭЛЕКТРОНИКА — агроахборотларни тўплаш ва қ. х. ишлаб чиқаришини бошқаришга оид электроника билимлари ва воситалари мажмуи. Асосий вазифалари: қ. х. бошқаруви ва ҳисоб-китоб ишларини компьютер занжирлари орқали таҳлил этиш; тупроқнинг механиқ физик-кимёвий параметрларини тезкор усулларда аниқлаш ва улардан амалда фойдаланиш; иссиқхоналар, омборлар, чорвачилик ишлари ва деҳқончилик маҳсулоти и. ч. технологиясини микроэлектрон асбоблар ёрдамида бошқариш; махсус Агроэлектроника қурилмаларини лойиҳалаш ва яратиш, улардан агрономия ишларида кенгроқ фойдаланиш; автоматлашган махсус илмий-техник агроахборот марказларини ташкил этиш ва уларга хизмат кўрсатиш; қ. х. маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва таҳлил қилишнинг тезкор усулларини яратиш; қ. х. экологиясига оид ишларни ўрганишнинг электрон усулларини яратиш ва б. Асосий мақсади — қ. х. ни электронлаштириш тизимларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш.

Агроэлектроника микроэлектрониканинг ютуқлари асосида ривожланиб, деҳқончилик ишларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни бошқаришда қўлланилмоқда. Турли микроэлектрон датчиклар, электрон бошқарув тизимлари, компьютерлар ва махсус электрон қурилмалар Агроэлектрониканинг техникавий асосини ташкил этади. Ривожланган мамлакатларда Агроэлектроника қурилмалари қ. х. ишлаб чиқаришида кенг қўлланилади. Ҳоз. вақтда Агроэлектроника асбобсозлигига тўла асос яратилган, турли микроэлектрон ўлчов асбоблари, узоқдан туриб бошқаришнинг йирик электрон тизимлари, қ. х. га оид илмий-техника ахборотларини тўплаш, сақлаш ва ишлов беришга доир компьютерлаштирилган мураккаб тизимлар яратилган бўлиб, ҳосилдорликни оширишда, суғориш тизимларини такомиллаштиришда ва б. иқтисодий масалаларни ҳал этишда ижобий роль ўйнамоқда. Бироқ Ўзбекистонда оммавий тарзда қўлланилганича йўқ.

Бионика қурилмаларининг яратилиши натижасида Агроэлектроника истиқболда янада ривожланади ва ҳосилдорликни олдиндан бошқариш ва ошириш технологияси яратилади. Бионикага асосланган Агроэлектроника келажак фанидир.