АГРОФИРМА — маҳсулот и. ч., уни қайта ишлаш ва сотиш, хизмат кўрсатиш тизимидаги корхоналарни ягона бошқарув асосида бирлаштирган агросаноат корхонаси. Агрофирма маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва етказиб бериш жараёнларидаги барча ишларни яхлит тизим орқали ўз вақтида мувофиқлаштириш, меҳнат унумдорлигини кўтариш, хом ашё нобудгарчилигини камайтириш, шунингдек кўрилган фойда ҳисобидан йирик инвестицияларни амалга ошириш ҳамда фойдани Агрофирма таркибидаги корхоналар ўртасида тақсимлашга имконият яратади. Агрофирма маҳаллий ресурслардан унумли фойдаланишни таъминлайди, унинг таркибига ёрдамчи тармоқлар ва кичик корхоналар ҳам кириши мумкин.
Ўзбекистонда хукумат фармойиши билан кейинги йилларда «Бешариқ» (Фарғона вилояти), «Оқолтин» (Сирдарё вилояти), «Ромитан» (Бухоро вилояти) ва б. А. лар ташкил этилди.