АГРОФИЗИКА

АГРОФИЗИКА, агрономик физика — ўсимликларнинг ҳаёт шароитларини физик усуллар билан тадқиқ этиш ва улар ҳаёт фаолиятининг физик жараёнлари ҳақидаги фан. Қ. х. экинларининг ҳосилдорлиги ва тезпишарлигини ошириш учун ташқи муҳитнинг физик хусусиятларини ўрганади ва уларни бошқариш усулларини ишлаб чиқади. Агрофизиканинг бўлимлари: тупроқ физикаси (тупроқ ҳавоси физикаси, тупроқ гидрофизикаси, тупроқнинг қаттиқ қисми физикаси, иссиқлик ва б.); ҳавонинг ер атрофи қатлами физикаси (аэродинамик, радиацион ва б. кўрсатгичлар); ўсимликлар радиобиологияси ва ёруғлик физиологияси, шунингдек, қ. х. экинларининг ўсиши ва ривожланиши учун қулай табиий шароитлар яратиш мақсадида экинларга ҳамда ташқи муҳитга фаол таъсир кўрсатадиган агрофизик усуллар, воситалар. Агрофизика фан сифатида 20-а. да шаклланган ва ҳоз. замон табиатшунослиги, айниқса, биофизика, шунингдек, мат., электроника, кибернетика ва б. фанларнинг назарий ютуқлари негизида ривожланди, натижада ўсимликларнинг ўзида ва ташқи муҳитда содир бўладиган жараёнларни миқдорий баҳолаш имкониятлари яратилди. Агрофизикани ривожлантиришда К. А. Тимирязев, Д. Н. Прянишников, Н. А. Качинский, А. А. Роде (Россия), Э. Рассел (Буюк Британия), В. Шоу (АҚШ) ва б. катта ҳисса қўшган. Агрофизик тадқиқотларда вегетацион ва дала усуллари қўлланилади, ташқи муҳит шароитларини ўрганиш учун аниқ ўлчов асбоблари ишлатилади. Тадқиқот натижаларидан тупроқнинг сув, ҳаво, иссиқлик режимларини яхшилашда, оптимал экиш усуллари ва муддатларини, тупроққа ишлов бериш, суғориш меъёрлари ва б. ни белгилашда фойдаланилади. Агрофизика тадқиқотлари хулосалари, айниқса, экинларнинг ҳосилдорлигини программалашда ва дала ишлари сифатини баҳолашда катта аҳамиятга эга. Фитотрон, оранжерея, иссиқхоналарда иқлимни бошқариш, тупроқ иссиқлик балансипи, ўсимлик транспирацияси, уларга озиқ моддалар ва сувнинг шимилиши тезлигини ўлчайдиган асбоблар яратилган. Агрофизик асбобларни қўллаш йирик омборхоналарда картошка ва меваларни сақлаш жараёнларини автоматлаштириш, нобудгарчиликни камайтириш, маҳсулот сифатини бузмай сақлаш, чиқиндилар миқдорини ка-майтириш имкониятини беради. Деҳқончилик ва ўсимликшуносликнинг физик муаммолари Тупроқшунослик ва агрокимё и. т. институти, Ўзбекистон пахтачилик и. т. институти, олий ўқув юртлари кафедраларида ўрганилади.

Абдураҳим Эрматов.