АГРОИҚЛИМШУНОСЛИК

АГРОИҚЛИМШУНОСЛИК — қ. х. метеорологиясининг иқлим шароитларини қ. х. объектлари ва жараёнлари билан боғланишда ўрганадиган соҳаси. Тупроқ унумдорлиги, қуруқликдаги сув ресурслари ва ўсимлик дунёси кўп жиҳатдан иқлимга боғлиқ. Агроиқлимшуносликнинг асосий вазифалари: иқлимни қ. х. ишлаб чиқариши омили сифатида ўрганиш, иқлимни қ. х. нуқтаи назаридан баҳолаш, ҳудудни агроиқлимий районлаштириш, қ. х. ишлаб чиқаришини оқилона жойлаштириш мақсадларида турли иқлим шароитларида агротехника тадбирлари ўтказишни асослаш ва б. Иқлимнинг ўсимлик ва ҳайвонот учун зарур бўлган ёруғлик, иссиқлик ва намлик каби биринчи даражали омиллари — шамол, булут, тупроқ ва атмосфера қурғоқчилиги, тўзонлар каби иккинчи даражали омиллар билан биргаликда ўрганилади. Асосий иқяим омилларини экинларнинг ўсиши, ривожи, ҳосилдорлигига таъсирини ўрганиш амалий аҳамиятга эга. Ўсимлик ва иқлим омиллари ўртасидаги миқдорий боғланишлар агроиқлимий кўрсаткичлар (ўсимликнинг вегетация даврида иссиқяикка бўлган эҳтиёжини ифодаловчи самарадор ҳарорат йиғиндиси, мўлжалланган ҳосилни етиштириш учун зарур нам миқдори ва б.) деб аталади.

Суғориладиган зоналар учун қ. х. ўсимликларининг иссиқлик, ёғингарчилик, тупроқ нам захираси билан таъминланганлиги, айрим ҳудудларнинг физик-географик хусусиятларини эътиборга олиб совуқсиз давр давомийлиги, қорасовуқларнинг такрорланиши ва ш. к. ни ҳисоблаш усуллари ишлаб чиқилган. Агроиқлимшунослик тадқиқотлари экинларнинг нав хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда иқлим жи-ҳатларидан оқилона жойлаштиришга имкон беради. Ўзбекистонда агроиқлимий тадқиқотлар В. А. Бугаев номидаги Ўрта Осиё гидрометеорология и. т. ин-тида олиб борилади. Агроиқлимшунослик соҳасидаги тадқиқотлар асосида Жаҳон агроиқлимий атласи (1972) нашр этилган, Ўзбекистоннинг агроиқлимий районлаштириш харитаси тузилган (1982).

Ад.: Бабушкин Л. Н., Агроклиматическое районирование хлопковой зоны Средней Азии, Л., 1960; Чирков Ю. И., Основы агрометеорологии, Л., 1988.

Фотиҳ Мўминов.