АГРОИРРИГАЦИОН ҚАТЛАМ, агроирригацион горизонт — деҳқончилик фаолияти (суғориш, ҳайдаш ва ўғитлаш) натижасида ҳосил бўлган тупроқ қатлами. Бу қатлам асосан тупроқнинг узоқ вақт (баъзан асрлар да-вомида) суғорилиши натижасида сувда оқиб келган лойқалар, оқизиқларнинг ҳар йилги чўкиши, ерга эски қўрғон деворларини солиш ва б. дан пайдо бўлади. Зарафшон, Бухоро, Хоразм, Тажан воҳаларида Агроирригацион қатламнинг қалинлиги 1 — 2 м ва ундан ортиқни ташкил этади. Ҳар бир воҳага Агроирригацион қатламнинг маълум типи хос. Бу дарё сув ҳавзасининг геологик тузилишига, оқим шароити, суғориш тизими режимига, деҳқончилик маданияти ва б. га боғлиқ. Тупроқ ҳосил бўлиш жараёнида Агроирригацион қатламнинг кимёвий ва физик хоссалари ҳамда морфологик тузилиши ўзгариб боради. Бундай тупроқ чиринди, азот, фосфор, калий ва б. га бой, ранги ва механик таркиби деярли бир хил бўлиб, бу белгилари билан Агроирригацион қатлам аллювий ва пролювий ётқизиқлардан фарқ қилади. Унинг қалинлиги суғориш даврининг кўҳналиги, сувнинг лойқалиги ва сувдаги моддаларнинг таркибига боғлиқ.