АГРОКИМЁ ЛАБОРАТОРИЯСИ — 1) ўсимлик, тупроқ, ўғит, заҳарли кимёвий моддалар, қ. х. маҳсулотлари, емхашак ва б. ни таҳлил қилиш ёки агрокимёдан ўқув машғулотлари ўтказиш учун махсус жиҳозланган хона (бино); 2) агрокимё бўйича махсус тадқиқотлар ўтказадиган корхона, ташкилот ёки унинг махсус бўлими. Ўзбекистонда ўқув (ўқув юртларида); илмий тадқиқот (ин-тлар ва б. да), агрокимё хизмати тизимига кирувчи ишлаб чиқариш А. л. лари мавжуд. Ишлаб чиқариш Агрокимё лабораторияси ларига раҳбарликни Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимёвий тадқиқотлар маркази олиб боради. Агрокимё лабораториясилари ўз зонасидаги хўжаликларни агрокимёвий харитаграммалар ва ўғитларни қўллаш бўйича тавсияномалар билан таъминлайди. Агрокимё лабораторияси ҳар хил табиий зоналар тупроғи учун мос ўғитлар ва уларнинг оптимал улушларини аниқлаш мақсадида дала тажрибалари ўтказади; ем-хашак сифатини яхшилаш ва чорва молларини рационал озиқлантиришда тавсияномалар тузиш учун ўсимликларни таҳлил қилади, минерал ва маҳаллий ўғитларнинг сифатини назорат қилиш мақсадида уларни текширишдан ўтказади. Дала тажрибалари, ўсимлик ва тупроқ таҳлили натижаларига асосан хизмат кўрсатаётган зонадаги тупроқ озиқ моддалари балансини, ҳар хил хўжаликларда ва алмашлаб экиш далаларида тупроқ шароитлари ҳамда экин турига қараб ўғитларга бўлган эҳтиёжни аниқлайди, агрокимёвий харитаграммалар тузади. Қ. х. ишлаб чиқаришида кимёвий воситаларни қўллаш масалалари юзасидан тарғибот ва тушунтириш ишлари олиб борилади.