АГРОКИМЁВИЙ ТАҲЛИЛ

АГРОКИМЁВИЙ ТАҲЛИЛлаб. шароитида ўсимлик, ем-хашак, тупроқ, ўғит, пестицид ва б. нинг кимёвий таркибини аниқлаш. Агрокимёвий таҳлил агрофизик, микробиологик тадқиқотлар билан бирга тупроқ унумдорлигини оширишга боғлиқ бўлган масалаларни ҳал қилишга ёрдам беради. Ўғитларни қўллаш, алмашлаб экиш, тупроққа ишлов бериш, ўсимликларни суғориш режими ва б. ни ўрганиш юзасидан тадқиқотлар ўтказилганда тупроқ ва ўсимликларни Агрокимёвий таҳлил қилиш орқали уларда содир бўлган сифат ва миқдор ўзгаришларини аниқлаш мумкин.

Ўсимликлар таҳлили ўсимлик билан тупроқ, ўсимлик билан ўғит ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўрганиш учун зарур усулдир. Ўсимликнинг вегетатив органлари ва ҳосили таркибидаги азот, фосфор, калий ва б. озиқ элементларининг миқдорини таҳлил килиш тупроқдаги озиқ моддаларнинг ҳосил билан чиқиб кетган миқдорини аниқлашга ёрдам беради. Тупроқдаги озиқ моддаларнинг чиқиб кетган миқдори ўғитларнинг асосланган меъёрларини белгилашда жуда муҳим. Бундан ташқари, бу маълумотлар тупроқни таҳлил қилиш билан бирга тупроқ — ўсимлик тизимида озиқ моддалар балансини ҳисоблашда ҳам зарур. Одатда кўпинча ўсимликларда қуйидагилар: азот, оқсил, аминокислоталар, фосфор, минерал ва органик фосфатларнинг умумий миқдори ҳамда уларнинг энг муҳим тузлари, калий, кальций, магний, олтингугурт, темир, бор, марганец, мис, молибден, рух, кобальт, йод ва б. аниқланади.

Ўсимликлар Агрокимёвий таҳлил ўсимлик хом ашёси (материали)ни қуруқ ҳамда ҳўл куйдириш орқали амалга оширилади. Қуруқ куйдиришда кул элементларининг умумий миқдори аниқланади, кулни эритмага ўтказиб, бир қатор элементларни аниқлаш мумкин бўлади. Ҳўл куйдиришда ўсимлик хом ашёсини водород пероксид ёки перхлорат кислота — оксидловчи ҳамда катализаторлар (селен, рух кукуни ва б.) иштирокида сульфат кислота билан парчалаш усули энг кўп қўлланилади. Бундай усулда бир йўла ўсимликларнинг барча озиқ моддалари — азот, фосфор, калий ва б. миқдорини ҳам аниқлаш мумкин. Ўсимликдаги азотнинг умумий миқдори Кьельдаль ёки Кьельдаль — Иодльбауэр усули билан аниқланади. Бу усул ўсимлик хом ашёсини концентрланган сульфат кислота ёки сульфат кислотанинг фенол билан аралашмаси ёрдамида парчалаб, кейинчалик ҳайдаш орқали азот бирикмасини аниқлашга асосланган. Ўсимлик қуруқ ёки ҳўл куйдирилганда ундаги фосфор калориметрик усул б-н аниқланади. Бунда фосфат ионларининг калий хлорид иштирокида аммоний молибдат билан рангли (ҳаво-ранг) бирикма ҳосил килиш хусусиятидан фойдаланилади. Ўсимликдаги кальций ва магний миқдори калориметрик усул билан аниқланади. Бундан ташқари, ўсимлик ҳўл куйдирилгандан сўнг ундаги кальций, магний, калий ва натрий миқдорини алангали фотометрия усули билан осон ҳамда тез аниқлаш мумкин. Ўсимликлар Агрокимёвий таҳлил ида алангали фотометрия, спектрометрия ва полярография усулларидан кенг фойдаланилади. Ўсимликлар таҳлили уларнинг ўғитларга бўлган эҳтиёжини аниқлашда тобора кенг қўлланилмоқда. Кейинги вақтда янги узилган ўсимлик намунаси таркибидаги минерал озиқ моддалар миқдорини аниқлаш кенг тарқалди. Дала шароитида ўсимлик шарбати таркибидаги озиқ элементларининг кимёвий таҳлили ёки унинг кесмаларида кузатиладиган микрореакция орқали ўсимликлар озиқланишини назорат қилишнинг бир қатор усуллари ишлаб чиқилган. Ўсимликларнинг азот б-н озиқланишини аниқлашда Давтян усули, Магницкийнинг соддалаштирилган кимёвий таҳлил усули, Церлингнинг ўсимликлар кесмаларида нитратлар, аммиак, фосфор ва калийни аниқлаш усули ва б. шулар жумласидандир.

Ўғитлар таҳлили ўғит таркибида ўсимлик ўзлаштира оладиган озиқ элементи миқдори, озиқ элементининг умумий миқдори, турли қўшимчаларнинг мавжудлиги, сув миқдори, ўғитлар реакцияси, ўғитларнинг физик хусусиятлари ва сочилувчанлиги ҳамда ўғитлар донадорлиги (грануласи)нинг мустаҳкамлигини аниқлашда қўлланилади. Азотли ўғитлар таҳлили аммиакни формалин бириктириб, органик бирикма — гексаметилтетрамин ҳосил қилишига ва ажралиб чиққан кислотани титрлашга асосланган. Аммиак ва нитратли ўғитлар сувли эритмасининг таҳлили худди ўсимликларда умумий азот миқдорини аниқлагандек, ишқор ёрдамида ҳайдаш усули билан ўтказилади. Фосфорли ўғитлар таҳлили тегишли эритувчи ёрдамида фосфат кислотани ажратиб олиб, Р2О5 миқдорини аниқлашдан иборат. Ўғитлар таркибига қараб турли эритувчилар қўлланилади. Ҳосил қилинган эритмаларда P2OS ни ишқорий муҳитда магнезиал эритма билан магний аммоний фосфатнинг иккиламчи тузи ҳолида чўктириб (Бетхер — Вагнер усули) ёки аммоний фосфат, молибден оксиди ва сувдан иборат комплексли тузни молибдат аммоний билан чўктириб (Лоренц усули) аниқлаш мумкин. Калийли ўғитлар таҳлили калийни эритмадан натрий кобальтнитрит ҳамда перхлорат кислота ёки гексахлороплатинат кислота ёрдамида чўктириш усули орқали амалга оширилади. Танлаб олинган таҳлил усулига кура калий оғирлик ёки ҳажмий усулда аниқланади.

Тупроқнинг агрокимёвий тавсифи учун сувда эрийдиган тузлар таҳлили, умумий чиринди, ялпи азот, фосфор ҳамда азот, фосфор ва калийнинг ҳаракатчан бирикмалари миқдори, алмашиниш сиғими ва ундаги сингдирилган асослар таркиби каби маълумотлар зарур бўлади (қ. Тупроқ таҳлили).

Ад.: Методы агрохимических анализов почв и растений Средней Азии, Т., 1977.

Маъруф Тошқўзиев.

Next Article

АГТЕЛЕК