АГРОМЕТЕОРОЛОГИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

АГРОМЕТЕОРОЛОГИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ — қ. х. ишлаб чиқаришининг барча бўғинларини турли гидро ва агрометеорологик ахборотлар б-н тезкор таъминлаш. Агрометеорологик хизмат кўрсатиш мажмуига олдиндан турли муддат учун бериладиган об-ҳаво (бир ойлик, 10, 7, 3 кунлик, суткалик) прогнозлари, об-ҳавонинг хатарли ҳодисалари ҳақида огоҳлантириш, об-ҳаво шароитлари ҳамда уларнинг қ. х. ўсимликлари ривожланишига ва ҳосилнинг шаклланишига, ўтказиладиган агротехник тадбирларга таъсири ва б. ҳақидаги агрометеорологик маълумотлар ва ҳ. к. киради. Ахборотлар кундалик, беш кунлик, ҳафталик ва ўн кунлик шарҳ (бюллетень)ларда, шунингдек муҳим йилномалар шаклида, и. ч. аҳамиятига эга бўлган давр ёки об-ҳаво шароити ноқулай келадиган давр учун агрометеорологик маълумотлар умумлаштирилган махсус маълумотномалар тарзида ҳамда агрометеорологик омилларнинг кўп йиллик режими ҳақида маълумотлар бўлган режимли ёки агроиқлимий ахборотлар шаклида бўлади. Қ. х. мутахассислари ва раҳбарлари бу маълумотлардан мавжуд ва кутилаётган агрометеорологик шароитни ҳисобга олган ҳолда экиш, суғориш, озиқлантириш, қатор ораларига ишлов бериш, йиғим-терим ишлари ва б. тадбирларнинг муддатларини режалаштиришда фойдаланадилар. Агрометеорологик хизмат кўрсатиш мижозларнинг жойлашган жойи, ахборотнинг кўлами ва уни етказиб бериш муддатлари кўрсатилган режага мувофиқ амалга оширилади. Ўзбекистонда қ. х. га Агрометеорологик хизмат кўрсатиш 1921 й. Тошкентда Туркистон метеорология ин-ти (Туркмет) ташкил этилишидан бошланган. 1925 й. дан бу ин-т Ўрта Осиё метеорология ин-ти (Средазмет) деб аталган. Ин-тининг асосий вазифаси қ. х. ни экинларнинг ҳолати ва ривожланиши тўғрисидаги маълумотлар билан таъминлаш, ҳудуднинг мавжуд об-ҳаво шароитлари ва иқлим ресурсларидан рационал фойдаланиш, об-ҳавонинг хатарли ҳодисаларидан қ. х. объектларини муҳофаза қилиш тадбирлари ва б. бўлди. Ўзбекистонда Агрометеорологик хизмат кўрсатиш Гидрометеорология бош бошқармаси («Бошгидромет») ва агрометеорология постлари томонидан олиб борилади.