АГРОМЕТЕОРОЛОГИК ЙИЛНОМА

АГРОМЕТЕОРОЛОГИК ЙИЛНОМА — муайян ҳудуддаги агрометеорологик ст-я ва постларнинг кузатиш натижалари жамланган йиллик маълумотлар тўплами. Кўпгина мамлакатларда гидрометеорология бошқармалари томонидан нашр қилинади. Агрометеорологик йилномада тупроқ ҳайдалма қатламининг баҳор ва қиш фаслларидаги ҳарорати, кузги экинлар эқилган майдонлардаги қор қопламининг қалинлиги, экин эқилган майдонларда тупроқнинг намланиш даражаси, қ. х. экинлари ривожланишининг асосий даврлари бошланадиган кунлар, кузатиш майдончаларидаги агротехника, олинган ҳосил ҳақидаги маълумотлар ва б. жадвал кўринишида берилади. Агрометеорологик йилномада айрим умумий метеорологик маълумотлар: ўртача ўн кунлик ҳаво ҳарорати, 5, 10 ва 15° дан юқори бўлган самарадор ҳароратлар йиғиндиси, қиш фасли ва вегетация давридаги метеорологик шароитлар тавсифи, жумладан ноқулай об-ҳаво ҳодисалари ҳақида маълумотлар ҳам келтирилади. Бундан ташқари А. й. йилнинг агрометеорологик шароити ҳақидаги қисқа шарҳни ҳам ўз ичига олади. Асосий метеорологик маълумотлар ойлик агрометеорологик тўпламларда ҳам нашр этилади.