АГРОМЕТЕОРОЛОГИЯ ПОСТИ — кундалик метеорологик ва агрометеорологик кузатишлар олиб борадиган ҳамда кузатиш натижаларига бирламчи ишлов берадиган муассаса. Агрометеорология пости ларда кузатиш ишлари махсус жиҳозланган метеомайдончаларда (5×6 м), бевосита экинзорларда ягона услуб ҳамда дастур асосида олиб борилади. Метеорологик майдончада йил давомида ҳар куни тупроқ юзасидан 2 м баландликдаги ҳавонинг ҳарорати (қорасовуқ кутиладиган баҳор ва куз ойларида ҳавонинг минимал ҳарорати ер юзасидан 2 см баландликда минимал термометр ёрдамида) ўлчанади; ёғинлар миқдори, қор қопламининг қалинлиги ва ер юзасининг қор билан қопланганлик даражаси; атм. ҳодисаларининг характери (қор, ёмғир, дўл, шудринг, қиров, шамол, бўрон, момақалдироқ ва ҳ. к.) қайд қилинади. Экинзорларда ўсимликларнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосил тўплаши бўйича бевосита кузатишлар ўгказилади, ривожланиш даврлари кўринган кунлар қайд қилинади, ўсимликнинг ҳолати баҳоланади; эрта баҳорда тупроқ етилгандан бошлаб уруғ униб чиққунга қадар тупроқнинг уруғ кўмилган ҳамда 20 см чуқ. гача қатлами ҳарорати ўлчаб борилади; тупроқнинг юқори қатлами ҳолати ва намлик даражаси қайд қилинади. Агрометеорология пости кузатиш натижалари ва об-ҳаво прогнозў асосида кундалик маълумот тузади. Кундалик ва ўн кунлик якуний маълумотларни ўзи бириктирилган гидрометстанцияга юборади. Метеорологик ва агрометеорологик маълумотлардан хатарли об-ҳаво ҳодисаларидан хабардор қилиш, агротехник тадбирлар муддатларини белгилашда фойдаланилади. Ўзбекистонда қ. х. корхоналари ихтиёрида (идоравий) 20, «Бошгидромет» тизимида 25 Агрометеорология пости ишлайди (1999).