АГРОМЕТЕОРОЛОГИЯ СТАНЦИЯСИ

АГРОМЕТЕОРОЛОГИЯ СТАНЦИЯСИ — қ. х. ишлаб чиқаришига гидрометеорология хизмати кўрсатадиган ихтисослашган бўлинма. А. с. нинг асосий вазифаси стандартли, режимли, метеорологик ва агрометеорологик кузатишлар; махсус тематик кузатишлар; қ. х. ташкилотларига тезкор хизмат кўрсатиш (об-ҳаво ва агрометеорологик прогнозларни етказиб бериш); ноқулай об-ҳаво ҳодисалари ҳақида шошилинч огоҳлантириш; экинларнинг ўсиш ва ривожланишининг агрометеорологик шароитлари ҳақида маълумотнома; иқлим ресурсларидан унумли фойдаланиш учун қ. х. ишлаб чиқаришини ва экинзорларни жойлаштиришни оптимал режалаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва ш. к. ; ўзига биркитилган махсус ст-я ва постлар бажарадиган ишларга и. т. инти б-и ҳамкорлиқда услубий раҳбарлик қилиш; янги ва такомиллашган кузатиш усулларини, янги асбобларни синовдан ўтказиш, мавжудларини такомиллаштириш ва ҳ. к. дан иборат. Умумий режимдаги Агрометеорология станциясидан ташқари махсус, алоҳида экинлар, мас, ғўза бўйича кузатиш олиб борадиган ихтисослаштирилган ст-ялар ҳам мавжуд (Ўзбекистонда — Даҳбед, Ғаллаорол, Тожикистонда — Ҳисор, Туркманистонда — Йўлўтан ва Озарбайжонда — Жаъфархон ст-ялари). Тўпланган маълумотлар қ. х. ни агрометеорологик ахборот билан таъминлашда, агрометеорологик қўлланмалар, прогнозлар, маълумотномалар ва агрометеорологик тавсиялар (дефолиация муддатлари, биринчи машина теримини об-ҳаво шароитига ва кўсакларнинг очилганига қараб белгилаш ва ҳ. к.) тузишда фойдаланилади. Ўзбекистонда 62 метеорология ва 2 Аг. м. ст-ялари иш олиб боради (1999).