АГРОЎРМОН МЕЛИОРАЦИЯСИ

АГРОЎРМОН МЕЛИОРАЦИЯСИ — тупроқнинг мелиоратив ҳолатини ва иқлим шароитини дарахт экиш йўли б-н яхшилашга қаратилган тадбирлар мажмуи. Қ. х. экинларидан юқори ҳосил олишга салбий таъсир қилувчи қурғоқчилик, гармсел, шупроқ эрозияси, қум кўчишлари каби табиат ҳодисаларига қарши амалга оширилади. Агроўрмон мелиорацияси агротехник, гидротехник, кимёвий ва қ. х. мелиорациясининг бошқа турлари билан бирга ерларни тубдан яхшилашга хизмат қилади ҳамда уларнинг табиий шароитларига узоқ муддат таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда биринчи марта тоғ ён бағирларида селга қарши дарахтзорлар барпо қилишни 1880 й. да Н. И. Корольков Самарқанд яқинида (Омонқўтон), 1889 й. да С. Ю. Раунер Тошкент яқинида (Оқтош) бошлаган эдилар. Агроўрмон мелиорацияси айниқса, янги ўзлаштирилаётган ерлар (Мирзачўл, Қарши чўли, Марказий Фарғона) да кенг ривож топди.

Ўзбекистон ҳудудининг йирик уч табиий зонасида — водийларда (иҳота, канал бўйлари, йўл ёқаларидаги дарахтзорлар), тоғларда (сув эрозияси ва селнинг олдини олиш мақсадида тоғлар ён бағрини ўрмонга айлантириш) ва қумли чўлларда (аҳоли пунктларини ва экинзорларни қум кўчишидан ҳимоя қилиш, яйловлар унумини ошириш мақсадида дарахт ва буталар экиш ва ш. к.) экма ўрмонзорлар яратилмоқда (қ. Иҳота ўрмонзорлари). Ҳамма катта суғориш каналлари (Жан. Мирзачўл, Катта Фарғона, Қарши, Аму-Бухоро ва ҳ. к.) бўйлаб, шунингдек, сув омборлари атрофида дарахтзорлар барпо қилинган.

Ўзбекистонда қумликларни ўзлаштириш ишлари 30 — 40-й. ларда бошланган. Кўчма қумларни фитомелиорация билан мустаҳкамлаш усуллари ишлаб чиқилди. Шу йўл билан Бухоро воҳасининг чўлга туташ ерларини қум босишдан сақлаш учун Қизилқум этакларида уз. 120 км бўлган «Бухоро тўсиғи» деб аталувчи дарахтзор минтақаси барпо этилди. Кумлоқ ерларни комплекс ўзлаштиришда турли технологик усуллар (мас, фитомелиорация, қумларни махсус кимёвий моддалар билан мустаҳкамлаш ва ҳ. к.) кенг қўлланилади. Орол денгизининг қуриган қисмидаги қумликларни мустаҳкамлашда Агроўрмон мелиорацияси усулларидан кенг фойдаланилмоқда. Ҳар йили 10—12 минг га майдонларда ўрмонзорлар барпо этилмоқда. Кўкаламзорлаштирилган майдонлар 70 мингга (1997).

Агроўрмон мелиорацияси соҳасидаги тадқиқотлар Ўзбекистон ўрмон хўжалиги и. т. инти (1948) да, Тошкент аграр ун-тининг ўрмоншунослик кафедрасида, қ. х. тажриба ст-яларида олиб борилади.

Абдухалил Қайимов.