АГРОСАНОАТ ИНТЕГРАЦИЯСИ

АГРОСАНОАТ ИНТЕГРАЦИЯСИ — қ. х. ва саноат тармоқларининг иқтисодий, фан-техника, технология ва б. хўжалик имкониятларини бирлаштириш (қўшиш) орқали и. ч. ва меҳнатнинг умумлаштирилиши. Хом ашё и. ч. ва уни қайта ишлашни ўзаро мувофиқ ҳолда ривожлантириш кооперация (тўғридан тўғри контрактация ва шартнома асосида), шунингдек комбинация (хом ашё етиштирадиган ва уни қайта ишлайдиган корхоналарнинг ташкилий бирлашиши) йўли билан олиб борилади. Интеграция жараёнлари, асосан агросаноат корхонаси кўринишида энг изчил ривожланади. Бошқариш, режалаштириш, биргаликда фондлар, моддий-техника таъминотини марказлаштириш, корхоналар, ёрдамчи хизмат муассасалари яратиш ва б. пировард маҳсулот олиш учун и. ч. даги барча босқичларнинг узвий бирлашишига замин яратди. Агросаноат интеграциясининг ривожланиши, бир томондан, қ. ҳ. соҳасига бошқа соҳаларнинг, биринчи навбатда саноатнинг кириб келишини, иккинчи томондан, қ. х. ишлаб чиқаришининг борган сари умумий халқ хўжалиги билан уйғунлашиб боришини англатади. Тармоқлараро баланс ҳисоб-китобларига кўра, ҳоз. пайтда қ. х. саноатдаги асосий тармоқларнинг ярмидан кўпроғи маҳсулотларидан фойдаланмоқда. Қ. х. нинг саноат ва халқ хўжалигидаги бошқа тармоқлари б-н қўшилуви қайси даражада содир бўлмасин, объектив жараён — интеграцияни билдиради. Интеграция натижасида аграр ва саноат фаолиятларини умумий технологик жараён асосида ягона хўжалик мажмуи тарзида бирлаштирадиган агросаноат корхоналари, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот олишнинг барча босқичларини ўз ичига оладиган ҳудудий, ташкилий ва технологик бирлашган корхоналар мажмуи бўлган aгросанат бирлашмалари ва мамлакат халқ хўжалиги миқёсида агросаноат маэкмуи юзага келади. Ўзбекистонда Агросаноат интеграциясининг маҳсули бўлган дастлабки агросаноат корхоналари ва агросаноат бирлашмалари пахтачилик, қоракўлчилик, боғдорчилик соҳаларида 20-а. нинг 60-й. ларида пайдо бўлган («совхоз-завод», «колхоз-завод»лар). 90-й. ларнинг 2-ярмидан агрофирмалар тузила бошлади. Агросаноат интеграцияси агросаноат и. ч. нинг мазмуни, агросаноат корхоналари, аграр-саноат бирлашмалари ва аграр-саноат мажмуалари бу жараённинг турли шаклда расмийлашувидир. Қ. х. да . А. и. ривожи фан-техниканинг янги ютуқларига таянган ҳолда энг юқори меҳнат унумдорлигини таъминлаш ва харажатларни кескин камайтиришга хизмат қилади.