АГРОСАНОАТ МАЖМУИ (ACM) — халқ хўжалигида қ. х. хом ашёсидан аҳолининг озиқ-овқат ва халқ истеъмоли товарларига бўлган эҳтиёжларини таъминлашда ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатадиган тармоқлар, корхоналар, фаолият турлари мажмуи. АСМ мураккаб ва кўп тармоқлидир. Унинг и. ч. тузилмасида қ. х. ва ўрмон хўжалиги муҳим аҳамиятга эга. АСМ 3 соҳани ўз ичига олади:
1) қ. х. (аҳолининг томорқа хўжалиги ҳам киради) ва ўрмон хўжалиги;
2) қ. х. га ишлаб чиқариш воситалари етказиб берадиган саноат тармоқлари — трактор ва қ. х. машинасозлиги, мелиоратив ва сув хўжалиги объектлари қурилиши тармоқлари, асосий фондлар таъмири бўйича корхоналар, минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, биологик фаол препаратлар и. ч., озуқа ва микробиол. саноати, турли идишлар (тара) тайёрлаш ва б;
3) қ. х. маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмолчига етказиб бериш б-н банд бўлган тармоқлар (тайёрлов, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, сотиш ва б.). Ҳар бир тармоқ таркибида и. ч. ривожининг умумий шароитини таъминлайдиган тармоқ инфратузилмалари муҳим аҳамиятга эга (йўл-транспорт хўжалиги, моддий-техника таъминоти, электр, газ, сув таъминоти, алоқа, омборхона элеватор хўжалиги, улгуржи ва тақсимот базалари ва б.). Шунингдек, ихтисослашган олий ўқув юртлари, мутахассислар ва раҳбар ходимлар малакасини ошириш ф-тлари, ихтисослашган техникум ва ишлаб чиқариш-техника билим юртлари, тармоқ и. т. институти ва лабораториялари, ИИБ, лойиҳа ва ин-тлари ҳамда ташкилотлари, конструкторлик бюролари, тажриба ва давлат синов ст-ялари тизими АСМни шакллантирадиган тармоқлар қаторида туради.
Ўзбекистон АСМда қ. х. маҳсулотларини бирламчи ун-ёрма, ёғ-мой (пахта мойидан ташқари), гўшт, сут, мева-консерва, виночилик саноати) ва иккиламчи (нон, макарон, кондитер, пахта мойи, гўшт, сут консерваси ва маҳсулотлари, озиқ-овқат концентратлари) қайта ишлайдиган тармоқлар ва соҳалардан иборат озиқ-овқат саноати, техника экинларини бирламчи (пахта, луб экинлари, тамаки) ва иккиламчи (ип газлама, тўқимачилик саноати, луб толалари, тамаки-махорка маҳсулотлари) қайта ишлайдиган тармоқ ва соҳаларни ўз ичига олган енгил саноат муҳим аҳамиятга эга.
ACM ҳудудий хусусиятлар ва ишлаб чиқараётган энг муҳим пировард маҳсулотига қараб тизимларга бўлинади. Ҳудудий хусусиятига кўра мамлакат ва вилоят, туман АСМ мавжуд. Ишлаб чиқараётган пировард маҳсулот бўйича дон, пахта, мева-сабзавот, чорвачилик ва б. мажмуага бўлинади.
Ўзбекистон тарихан ривожланган пахтачилик, сув хўжалиги, машинасозлик з-длари, ўғит ва пестицидлар ишлаб чиқарадиган з-длар, пахта тозалаш корхоналари, ёғ-экстракция з-длари, тўқимачилик саноати, ихтисослашган илмий муассасаларга эга. ЎзР иқтисодиётида АСМ ҳиссасига ялпи маҳсулотнинг 50% дан ортиқроғи, асосий и. ч. фондларининг 40% дан ортиғи, халқ хўжалигида банд аҳолининг 45% га яқини тўғри келади. Ўз навбатида Республика АСМда пахтачилик агросаноат мажмуи (ПАСМ) энг юқори салмоққа эга. Республикада чорвачилик-саноат мажмуи ПАСМдан кейинги ўринда туради.
Толибжон Турғунов.