АГРОТЕХНИК ҲИМОЯ УСУЛИ

АГРОТЕХНИК ҲИМОЯ УСУЛИ (ўсимликлар ҳимоясида) — зараркунанда ҳашаротлар ва касалликларнинг мавжудлиги, ялпи кўпайиши ва кенг тарқалишига тусқинлик қилувчи шароитларни яратишга қаратилган агротехник чора-тадбирлар. Бу усулда зараркунандаларнинг қишлаши, яшаб қолиши ва ривожланиши учун ноқулай шароит яратилади. Агротехник ҳимоя усули ҳ-У – уруғлик ва кўчатларни экишга тайёрлаш, тупроқни ишлаш ва экиш усуллари, муддатларини танлаш, ўғитларни қўллаш, экин навларини танлаш бўйича муайян тадбирларни қамрайди. Агротехника орқали экологик шароитни ўзгартириб, ўсимликларни ҳашарот ва касалликлардан ҳимоя қилишга фаол таъсир кўрсатиш мумкин. Деҳқончиликда Агротехник ҳимоя усулининг асосий чораларига: алмашлаб экиш, ўсимлик қолдиқларини кузда йиғиштириб олиш, ерларни текислаш, кузда чуқур ҳайдаш, яхоб бериш, гизеллаш, ғўза, маккажўхори ва б. ўсимликлар қатор ораларига ишлов бериш, дала атрофидаги дарахтларни парваришлаш, уруғлик беда майдонларини кузда қайта ҳайдаш, пичанга мўлжалланган бедазорларни эрта баҳорда борона қилиш ва б. киради. Экиннинг бир турини бир даланинг ўзида узлуксиз экиш зараркунандаларнинг йиғилиб қолиши ҳамда уларнинг кескин кўпайиб кетишига сабаб бўлади. Экинларнинг алмашиб экилиши зараркунандаларнинг меъёрий яшаш шароитини бузади, ривожланиши учун ноқулай шароит яратади. Қ. х. экинларининг чидамли навларини и. ч. га жорий қилиниши ҳашарот ва касалликларга қарши агротехник курашнинг энг истиқболли усулларидандир. Агротехник ҳимоя усули ўсимликларни ҳашарот, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш усулининг таркибий қисмидир (қ. Ўсимликларни ҳимоя қилиш).

Султон Алимуҳамедов.