АГРОТЕХНОЛОГИЯ

АГРОТЕХНОЛОГИЯдеҳқончилик технологияси, қ. х. экинларини етиштириш усуллари тизими. Агротехнологиянинг назарий асоси — агрономия. А. куйидаги тадбирларни ўз ичига олади: алмашлаб экиш, тупроққа ишлов бериш, ўғитлар солиш; уруғликни экишга тайёрлаш, экиш, экинларни парваришлаш, бегона ўтлар, касалликлар ва ҳашаротларга қарши кураш, ҳосилни йиғиб олиш. Ерни ҳайдаш, текислаш, бороналаш ва экишга тайёрлашнинг бошқа усуллари, ўғитлаш, суғориш, уруғни экишга тайёрлаш (саралаш, дорилаш, ивитиш ва б.), экиш ва ҳосил йиғиб-териб олингунча ўсимликни парвариш қилиш ишлари Агротехнология усулларига киради. Агротехнологияга алмашлаб экишни жорий қилиш, ўсимлик қолдиқларини даладан йиғиштириб олиш, кузги шудгорлаш, яхоб бериш, сифатли уруғлик танлаш, экиш схемаларини тўғри қўллаш, нормал кўчат қалинлигига эришиш, ўғитлардан тўғри фойдаланиш; экинни қатъий тартиб бўйича суғориш, ўсимликнинг илдизини зарарлантирмаслик, экинзорларни бегона ўтлардан тоза тутиш, зараркунанда ва касалликларга чидамли навларни экиш ва ҳ. к. ҳам киради. Бунга ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, қ. х. ишлаб чиқаришига фан ютуқлари ва илғор тажрибанинг янги, янада самарали усулларини жорий қилиш йўли билан эришилади.

Агротехнология жамиятнинг ишлаб чиқарувчи кучлари ва и. ч. муносабатлари ривожи билан узвий боғланган. Ибтидоий жамоа ва ундан кейинги даврларда Агротехнология содда қуроллар ҳамда қўл кучига асосланган эди. Ерлар омоч, мола каби қуроллар ёрдамида ишланарди. Агротехнологиянинг такомиллашган усуллари жаҳонда 18-а. охири — 19-а. бошларида шаклланди, натижада қ. х. ўсимликлари машиналардан фойдаланиш, табиатшунослик ва агрономия фанларининг кўрсатма ва тавсиялари асосида етиштириладиган бўлди. Айниқса, 19-а. да машинасозлик саноатининг ривожланиши мураккаб қ. х. техникасини деҳқончиликда қўллаш имкониятини туғдирди. 20-а. да эса қ. х. учун трактор, комбайн, культиватор, ўғитлагичлар ва б. механизмлар кўплаб ишлаб чиқариладиган бўлди, минерал ўғитлардан фойдаланиш кўпайди. Буларнинг ҳаммаси ва агрономия фанининг ривожланиши Агротехнологиянинг такомиллашувига қулай шароит туғдирди.

Ҳоз. замон Ахи экологик шароитлар, қ. х. техникасининг ишлаш қоидаларини ўрганувчи табиий ҳамда техника фанлари ютуқларига асосланади. Агротехнологияни тўғри қўллашнинг зарурий шарти унинг комплекслиги ва тупроқ-иқлим шароитлари, экиннинг биологик хусусияти, навлари ва уларнинг қайси мақсадларда ишлатилишига эътибор беришдир. Ўсимлик ҳаёт омилларининг муддатлари, алмаштириб бўлмаслиги ҳамда тенг аҳамиятдорлиги ва б. қонунлар Агротехнология усулларини биргаликда қўллашнинг илмий асоси ҳисобланади (қ. Деҳқончиликнинг асосий конунлари). Mac, ўғит солишда белгиланган муддат ва миқдорни ўзгартириш (айниқса суғориладиган шароитда) ёки вегетация даврига қараб ўсимликка бериладиган азотни фосфор билан алмаштириш мумкин эмас. Экинлардан юқори ҳосил олиш учун уларни муайян нисбатларда барча зарурий ҳаёт омиллари (ёруғлик, иссиқлик, ҳаво, намлик, озиқ моддалар) б-н таъминлаш зарур.

Агротехнология тадбирлари ҳар бир минтақа, зона, хўжаликнинг тупроқ-иқлим шароитига ҳамда экинларнинг турига қараб ишлаб чиқилади ва ўтказилади. Мас, тупроғи шўрланган ҳудудларда шўр ювиш асосий аҳамиятга эга. Шу сабабли бундай жойларда экинлар учун зарарли бўлган, экиннинг илдиз қисми жойлашадиган тупроқ қатламидаги эриган тузларни йўқотадиган Агротехнология усулларига асосий эътибор берилади. Намгарчилик кам бўладиган р-нларда, шунингдек енгил тупроқли ерларда тупроқда нам тўплашга имкон берадиган Агротехнология усулларига эътибор қилинади. Экинларни тўғри алмашлаб экиш, ҳайдалма қат-ламни чуқурлаштириш, маҳаллий ва минерал ўғитлар солиш йўли билан тупроқни ўсимлик учун зарур озиқ моддалар б-н бойитиш ҳамда унинг физик хусусиятларини яхшилаш Агротехнологиянинг асосий мақсадидир.

Агротехнология экиннинг ва навнинг (нав А.) ўзига хослиги ҳамда экиннинг хўжалик аҳамиятига кўра ҳам табақалашади. Mac, маккажўхори, кунгабоқар силос учун ёки дон учун, зиғир тола ёки уруғи учун, пиёз барра ёки бош пиёз олиш учун эқилганда ўзига хос Агротехнология қўлланилади. Агротехнология тадбирларини тўғри қўллаш қ. х. экинларининг ҳосилдорлигини ошириш билан биргаликда ҳосил сифатига ҳам ижобий таъсир этади. Ўзбекистонда илмий муассасалар тармоғи экинлар Агротехнология сини ишлаб чиқади. Уларнинг самарадорлиги илмий тадқиқот ин-тлари ва тажриба ст-яларида синовдан ўтганидан кейин хўжаликларда жорий этилади.

Абдураҳим Эрматов.