АГРОТУПРОҚ РАЙОНЛАШТИРИШ

АГРОТУПРОҚ РАЙОНЛАШТИРИШ — минтақаларни ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишига таъсир кўрсатувчи тупроқ хусусиятлари, иқлим ва гидрогеологик шароитлари, литологик-геоморфологик тузилиши ва баъзи бошқа белгилари (эрозия, шўрланиш) га, шунингдек қ. х. ишлаб чиқаришининг ўзига хослигига кўра ҳудудларга ажратиш (қ. Тупроқни районлаштириш). Ўзбекистонда Агротупроқ районлаштиришнинг илмий асослари 30-й. ларда яратилган. Обикор деҳқончилик шароитида Агротупроқ районлаштириш учун тупроқларнинг келиб чиқиши билан бир қаторда шу тупроқнинг қачондан бери суғорилиши, маданийлашганлик даражаси, шунингдек эрозия, иккиламчи шўрланиш, шўрхоклик, тошлоқлик, ботқоқлик каби қ. х. га ноқулай ҳолатларнинг намоён бўлиш даражаси ҳам ҳисобга олинади. Агротупроқ районлаштириш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини тўғри ташкил қилиш, жумладан ўстириладиган экинларни р-нлаштириш, агрономик ва мелиоратив тадбирларни режалаштириш ҳамда амалга ошириш, агротехник ва суғориш усулларини тўғри танлаш, машиналар тизимини ишлаб чиқиш ва ш. к. учун зарур. Агротупроқ районлаштириш қўйилган мақсадларга қараб турли аниқликда ишлаб чиқилади. Схематик Агротупроқ районлаштиришда катта р-нлар ажратилиб, бу ерда кўп таркалган тупроқ типлари, агротехник ва б. усуллар самарадорлигини таъминлайдиган яхлитланган табиий кўрсаткичлар ва асосий мелиоратив тадбирлар кўрсатилади.