АҲМАД ЖАЛОЙИР

АҲМАД ЖАЛОЙИР ибн Султон Увайс (? — 1410) — Жалойирийлар султони (1382—1410). Акаси Ҳусайн ҳукмронлиги даврида Басра ноиби бўлган (1375 й. дан). 1382 й. исён кўтариб пойтахт Табризни эгаллаган ва акасини қатл этишга фармон берган; бироқ қолган акалари билан бўлган шиддатли курашлардан сўнггина давлатнинг олий ҳукмдори деб тан олинган (1384 й. дан). Ҳукмронлигининг дастлабки йиллари (1386—87) да Табризни Тўхтамишхон, сўнг Амир Темур, кейин қора қўюнлилар бошлиғи Қора Муҳаммад эгаллаган. 1393 й. Табриздан кейинги иккинчи йирик шаҳарБағдод ҳам Темур томонидан забт этилган. А. Ж. Мисрга қочгаи ва 1394 й. янв. да Бағдодга қайтиб, қора қўюнлилардан Қора Юсуф ёрдамида бир неча йил ҳокимиятни бошқарган. 1401 й. июлда Бағдод Темур томонидан иккинчи маротаба фатҳ қилинган; А. Ж. шаҳарни илгарироқ ташлаб чиқиб Қора Юсуф б-н бирга аввал Шом (Сурия) га, сўнгра Кичик Осиёга йўл олган. Темур ва Боязид ўртасидаги урушяан фойдаланиб, Бағдодни қисқа муддат эгаллаб турган, сўнг иттифоқчиси Қора Юсуф билан яна Шомга қочган. Бағдодни эгаллаган темурий шаҳзода Абу Бакр уларни таъқиб қилган. Шомда Аҳмад Жалойир ва Қора Юсуф ҳибсга олинган ва 1405 й. да, Темур вафотидан сўнггина озод қилинганлар. 1410 й. 30 авг. да Аҳмад Жалойир қўшини Табриз яқинида Қора Юсуф томонидан тор-мор келтирилган, ўзи эса қатл этилган. Манбаларга кўра, Аҳмад Жалойир шафқатсиз, маккор ҳукмдор бўлсада, жасур жангчи, олимлар, шоирлар раҳнамоси бўлган, араб ва форс тилларида шеърлар ҳамда мусиқага оид бир қанча рисолалар ёзган.

Prev Article

АҲМАД