АҲМАД ЗИЁИЙ (1906, Қашқар – ?) — уйғур шоири, драматург, таржимон, навоийшунос. Ижодида Навоий анъаналарини давом эттириб, унинг илғор ғояларини ўз асарларига татбиқ қилган. «Хаста диллар» (1936), «Тақдир» (1940), «Мухаммаслар» (1943), «Тўзимас чечаклар» (1945) шеърий тўпламларида юксак инсоний туйғуларни тараннум этган. «Вадоқ йўлида карвон» романи (1948) ва А. Низорийнинг «Робия ва Саъдин» достони асосида шу номда мусиқавий драма яратган. Навоий ва Низорий ғазалларига мухаммаслар боғлаган. «Ҳазрат Навоий ва Абдураҳим Низорий» асарида Навоий адабий меросининг Абдураҳим Низорий ижодига ва умуман уйғур адабиётига таъсирини тахлил этган. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарини уйғурчага таржима қилган (1950 — 53).